Қашқадарё вилоятида "Дўстлик" фестивали юқори кайфиятда ўтди
2026-07-31 11:25:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳри марказидаги вилоят мусиқали драма театри олдида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда 30 июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан "Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!" ғояси остида "Дўстлик" фестивалининг вилоят босқичи тантанали тарзда бўлиб ўтди.
Фестиваль "Оила" монументи пойига гулчамбар қўйиш билан бошланиб, унда миллий маданий марказлар вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этиб, юртимиздаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ватанпарварлик ғоялари ҳурматига гулчамбар қўйдилар.
"Дўстлик" фестивали юртимиздаги тинчлик, миллатлараро тотувлик ва умумхалқ бирдамлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб қарши олиш йўлидаги муҳим маданий-маърифий тадбирлардан бири сифатида катта аҳамият касб этди.









