БИР ШОШИЛГАН ҚАРОР — БИР УМРЛИК АФСУСГА АЙЛАНМАСИН
2026-07-21 19:55:00 / Янгиликлар

Ҳар бир ота-она фарзандининг бахтли бўлишини истайди. Айниқса, қиз фарзанд-оиланинг нафақат меҳри, балки келажаги, эртанги авлод тарбиячисидир. Уни вояга етказиш, билимли қилиш, касб-ҳунарли этиб тарбиялаш ва мустақил ҳаётга тайёрлаш ҳар бир ота-онанинг энг катта масъулияти ҳисобланади. Афсуски, баъзан “қиз катта бўлиб қолди”, “совчи келиб турибди”, “урф-одат шу”, “мактабни битирди, энди турмушга чиқсин” деган қарашлар туфайли шошилиб қабул қилинган қарорлар қизларнинг бутун умрига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бугун шифокорлар, психологлар ва ҳуқуқшунослар бир фикрни такрорламоқда: эрта турмуш ва эрта туғруқ нафақат қонунга зид, балки қиз боланинг ҳаёти, саломатлиги ва келажагига жиддий хавф туғдиради. Бу шунчаки огоҳлантириш эмас, ҳаёт тасдиқлаётган ҳақиқатдир.
Айрим ҳудудларимизда ҳам жорий йилнинг дастлабки ойларида вояга етмаган қизлар ўртасида эрта туғруқ ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳар бир ҳолат ортида бир қиз боланинг тақдири, таълим жараёнининг узилиши, орзу-мақсадларининг кечикиши ҳамда она ва бола саломатлиги билан боғлиқ хатарлар турганини яна бир бор эслатади. Айрим ҳолатларда эрта она бўлган қизлар ҳали умумтаълим мактаби ёки касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган, айримлари эса вояга етиш даврини тўлиқ якунламаган бўлган. Бу эса мазкур масалага оила, таълим муассасалари ва тегишли идоралар ҳамкорликда янада катта эътибор қаратиши муҳимлигини кўрсатади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, эрта туғруқларнинг асосий сабаблари-вояга етмаган қизларни унаштириш, эски урф-одатларга кўр-кўрона эргашиш, ота-оналар назоратининг сусайиши, меҳнат миграцияси туфайли фарзандларнинг эътиборсиз қолиши, тўлиқсиз оилалар ҳамда ҳуқуқий ва тиббий саводхонликнинг етарли эмаслигидир.
Айрим ҳолатларда қизларнинг онаси ёки отаси чет элда бўлгани, баъзи ҳолларда эса оиладаги ижтимоий муҳитнинг носоғломлиги уларнинг ҳаётида оғир оқибатларга сабаб бўлган.
Шифокорларнинг таъкидлашича, 18 ёшгача қиз боланинг организми ҳомиладорлик ва туғруқ учун тўлиқ шаклланиб улгурмайди. Шунинг учун эрта ҳомиладорлик оғир туғруқ, кўп қон йўқотиш, ички аъзоларнинг шикастланиши, руҳий тушкунлик, турли сурункали касалликлар, ҳатто ногиронликка олиб келиши мумкин. Энг ачинарлиси, баъзи қизлар кейинчалик фарзанд кўриш имкониятини ҳам йўқотиши мумкин. Бу эса нафақат бир инсоннинг, балки бутун бир оиланинг фожиасига айланади.
Эрта турмушнинг яна бир оғир оқибати шундаки, қизлар таълимдан узилиб қолади. Улар касб эгаллай олмайди, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўла олмайди, ҳаётда ўз ўрнини топиши қийинлашади. Натижада оилавий келишмовчиликлар, ажримлар, зўравонлик ва қашшоқлик хавфи ҳам ортади. Демак, эрта турмуш ҳеч қачон бахт кафолати эмас.
Дунё тажрибаси ҳам шуни исботлаб турибди. Масалан, Швецияда қизлар ва ўғил болаларнинг ҳуқуқлари, репродуктив саломатлиги ва оилавий ҳаётга тайёргарлиги мактабнинг ўзидаёқ босқичма-босқич ўргатилади. Ота-оналар ҳам фарзанд тарбияси бўйича мунтазам психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар олади. Энг муҳими, жамиятда “қиз аввал билим олсин, касбли бўлсин, кейин оила қуриши керак” деган қараш ҳаёт тарзига айланган. Шунинг учун бу мамлакатда вояга етмаганлар ўртасидаги туғруқлар дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Жанубий Корея эса муаммони таълим ва келажак режаси орқали ҳал қилди. Давлат қизларнинг юқори таълим олиши, касб эгаллаши ва меҳнат бозорида муносиб ўрин топиши учун кенг имкониятлар яратди. Натижада аксарият ёшлар аввал билим ва касб орттиришни, кейин эса оила қуришни ҳаётнинг тўғри йўли деб ҳисоблайди. Бу ёндашув эрта никоҳ ва эрта туғруқларнинг кескин камайишига хизмат қилди.
Озарбайжонда эса эрта никоҳ ва ўсмирлар ўртасидаги ҳомиладорликнинг олдини олишда маҳалла, таълим муассасалари, тиббиёт тизими ҳамда оилалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Психологик маслаҳатлар, ҳуқуқий тушунтириш ишлари ва аҳоли ўртасидаги тарғибот тадбирлари орқали ёшлар ва уларнинг ота-оналарида масъулиятли ёндашувни шакллантиришга ҳаракат қилинмоқда.
Бу тажрибалардан бир муҳим хулоса келиб чиқади: эрта никоҳ ва эрта туғруқни фақат қонун ёки жазо билан эмас, балки билим, тарбия, ота-онанинг масъулияти, жамиятнинг тўғри муносабати ва ҳар бир қизга келажак учун имконият яратиш орқали бартараф этиш мумкин.
Юртимизда ҳам бу борада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Аёллар дафтари”нинг такомиллаштирилган тизими орқали хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уй-жой шароитини яхшилаш бўйича янги механизмлар жорий этилди. Бу ислоҳотларнинг асосий мақсади эҳтиёжманд хотин-қизларга бир марталик ёрдам бериш эмас, балки уларнинг иқтисодий мустақиллиги, муносиб ҳаёти ва барқарор келажагини таъминлашдир.
Азиз ота-оналар! Бир лаҳзалик шошқалоқлик билан қабул қилинган қарор қиз фарзандингизнинг бутун тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин. Тўй бир кун давом этади, аммо унинг оқибати баъзан бир умр давом этади. Қизингизнинг эрта турмуш қургани эмас, балки соғлом, билимли, касбли ва мустақил инсон бўлиб камол топгани сиз учун энг катта бахт бўлиши керак. Унга бериладиган энг яхши сеп — таълим, энг катта бойлик — соғлиқ, энг мустаҳкам мерос эса касб ва мустақил ҳаётдир.
Ҳар бир ота-она ўзидан бир саволни сўрасин: “Мен қизимга шошилиб тўй қилиб беряпманми ёки унинг бутун умрлик бахти учун мустаҳкам пойдевор яратяпманми?” Ана шу саволга виждонан берилган жавоб кўплаб қизларнинг тақдирини сақлаб қолиши мумкин.
Қизларимизнинг болалигини асрайлик. Уларга орзу қилиш имконини берайлик. Аввал билим олсин, касб эгалласин, ҳаётни англасин, жисмонан ва маънан вояга етсин. Шундагина улар қурган оила мустаҳкам, туғиладиган фарзандлар соғлом, жамиятимиз эса янада барқарор ва фаровон бўлади. Зеро, ҳар бир асралган қиз — соғлом оила, соғлом авлод ва мамлакатимиз келажагига қўшилган энг катта ҳиссадир.
Даврон КЕСИМОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий
бўлинмаси раҳбари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
