Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар муҳокама қилинди
2026-07-02 17:50:00 / Янгиликлар

Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова раҳбарлигида республика ва ҳудудий масъуллар иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда Президентимизнинг 2026 йил 3 мартдаги ПФ–33-сон Фармони ижроси, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ҳамда оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Қашқадарё вилоятида фармон ижросини таъминлаш мақсадида 3 946 нафар тарғиботчи шакллантирилиб, улар томонидан оммавий ахборот воситаларида 315 та, жойларда эса 3 172 та ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди. Мазкур тадбирларда 150 минг нафардан ортиқ фуқаро қамраб олинди.
Шунингдек, хавф гуруҳига кирувчи қизлар билан манзилли ишлаш йўлга қўйилиб, уларга мураббийлар бириктирилди. Бундан ташқари, "Хотин-қизлар ва таълим: Орзуни мақсадга айлантир!" лойиҳаси доирасида олиб борилган тарғибот ишлари самарасида қизларнинг олий таълимга қамрови йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Йиғилишда оилавий ажримларнинг олдини олиш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Қайд этилишича, жорий йилнинг беш ойида вилоятда қайд этилган оилавий ажримлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайган.
Йиғилиш якунида ҳудудларда бу борадаги ишларни янада кучайтириш, муаммоларни маҳаллабай ҳал этиш ҳамда хотин-қизлар ва болалар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.









