Қашқадарёда замонавий Медиа марказ фаолияти йўлга қўйилди
2026-07-01 10:45:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилоятида ахборот-коммуникация соҳасини ривожлантириш, медиа маҳсулотлар сифатини ошириш, миллий брендни танитиш ҳамда ёш ижодкорлар ва контент яратувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида замонавий Медиа марказ фаолияти йўлга қўйилди.
Марказнинг очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги раҳбарлар, соҳа мутасаддилари, журналистлар, блогерлар ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.
Медиа марказда фото ва видео контентларни суратга олиш ҳамда монтаж қилиш, подкаст ва интервьюларни ёзиб олиш, матбуот анжуманлари, брифинг ва тақдимотларни ташкил этиш, график дизайн, SММ ва рақамли маркетинг йўналишларида ишлаш, медиа саводхонлиги, контент яратиш ва сунъий интеллект технологияларига бағишланган ўқув-семинарлар ўтказиш, ёшларнинг медиа лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалий қўллаб-қувватлаш, жамоавий муҳокамалар, ижодий учрашувлар ҳамда тренингларни ташкил этиш каби қатор имкониятлар яратилган.
Бундан ташқари, Медиа марказ замонавий кутубхона, coworking ҳудуди, учрашув хоналари ва қулай кутиш зоналари билан жиҳозланган.
Тадбир якунида, Муротжон Азимов вилоят ёшлар ишлари бошқармаси ахборот хизмати учун Кобальт автомашинаси калитини топширди.









