Қашқадарё ва Хитой тадбиркорлари иштирокида бизнес форум ўтказилди
2026-06-22 20:25:00 / Янгиликлар

Хабарингиз бор, Президентимиз пойтахтимизда бўлиб ўтаётган V юбилей Тошкент халқаро инвестиция форуми давомида вилоят ҳокимларига хорижий инвесторларни ҳудудларга жалб этиш, уларни яратилаётган имкониятлар билан таништириш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларда иштирокини таъминлаш бўйича қатор топшириқлар берган эди.
Маълумот ўрнида, Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги делегация ҳам ушбу халқаро форумда иштирок этиб, дунёнинг нуфузли компаниялари билан фаол мулоқотлар олиб борди.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Қашқадарё вилоятида Хитой Халқ Республикасининг Анхой провинцияси, Хефей шаҳри Яохай тумани делегацияси вакиллари ҳамда вилоят тадбиркорлари иштирокида бизнес форум ва B2B учрашувлари ташкил этилди.
Шаҳрисабз туманидаги “Miraki Resort” меҳмонхонасида бўлиб ўтган учрашувларда инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва бизнес алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Форум давомида тадбиркорлар ва инвесторлар ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилиб, қатор истиқболли лойиҳалар юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.
Шунингдек, тадбир доирасида Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги ҳамда Хитойнинг “Аk Saray Invest Group” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.








