Қашқадарёлик бир гуруҳ маданият ва санъат вакиллари давлат мукофотлари билан тақдирланди
2026-05-29 18:50:00 / Янгиликлар

Бугун Қашқадарё вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони ижросига бағишланган тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоят фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ижодкорлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакилларининг фидокорона меҳнати муносиб қадрланиб, миллий маънавиятни юксалтириш, бой маданий меросимизни асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга етказиш йўлидаги хизматларига юксак баҳо берилмоқда.
Президентимиз Фармонига мувофиқ давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар орасида Қашқадарё вилоятининг бир қатор муносиб вакиллари ҳам борлиги воҳа аҳли учун алоҳида фахр туйғусини бағишлади.
Маросимда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов мукофот соҳибларини самимий табриклаб, Президентимиз номидан орден ва медалларни тантанали равишда топширди.
Вилоят раҳбари ўз сўзида мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Мукофот соҳиблари эса кўрсатилаётган юксак эътибор ва эътироф учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, бу ишонч уларни янада самарали меҳнат қилишга ундашини қайд этдилар.
МУКОФОТЛАНГАНЛАР:
“Дўстлик” ордени билан:
Алиқулов Мурадилла Химматович - Нишон тумани маданият бўлимининг бахшичилик тўгараги раҳбари, бахши;
Комилов Останақул Одилович - Қашқадарё вилояти кўзи ожизлар кутубхонаси директори;
Носирова Бўритош - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, публицист;
Эргашова Мохира Туроповна - Касби тумани маданият бўлимининг «Кулол шодаси» фольклор-этнографик халқ ансамбли бадиий раҳбари;
“Шуҳрат” медали билан:
Мамадиев Боходир Бобожонович - Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори;
Одилова Гулнора Қиличевна - Республика «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси, каштачи;
Юсупов Илхомиддин Шарофидинович - Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекциясининг Шаҳрисабз минтақавий реставрация маркази директори.
Шунингдек, 2 нафар марҳум санъаткорларимиз:
Қашқадарёмизда туғилиб ўсган, ўзининг ширали ва сеҳрли овози билан ўзбек мақом санъатини бутун дунёга танитган инсонлардан бири, марҳум Ўзбекистон Халқ хофизи Ўлмас Саиджонов ҳам “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, Қашқадарёда ижод қилиб, биринчилардан эстрада санъатини юртимизга олиб кирган ва ўзининг бетакрор овози ва қўшиқлари орқали халқимиз кўнглидан ўчмас из қолдирган марҳум эстрада хонандаси Даврон Ғоипов “Дўстлик” ордени билан тақдирландилар.









