Вилояти ҳокими "Сўнгги қўнғироқ" тадбирида иштирок этди
2026-05-25 12:25:00 / Янгиликлар

Хабар берганимиздек, бугун вилоят ҳокими Муротжон Азимов ўзи таҳсил олган Китоб туманидаги 49-мактабга бориб, у ерда дабдабадан ҳоли ва "Юксак маърифатли авлод - Учинчи Ренессанс пойдевори" шиори остида ўтказилган "Сўнгги қўнғироқ" тадбирида иштирок этди ва Президентимизнинг битирувчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек: “Албатта, бугунги битирувчи – эртанги муҳандис, шифокор, олим, шоир ва адиб, тадбиркор дегани. Бугунги битирувчи – Учинчи Ренессанс бунёдкори дегани. Сизлар Янги Ўзбекистоннинг энг катта ишончи ва таянчисиз”.
Шунингдек, вилоят ҳокими мактаб жамоасига эсдалик совғалари ва китоблар жамланмасини топширди. Бундан ташқари вилоят раҳбари ўзининг устозларига эҳтиром кўрсатиб, уларга сиҳатгоҳга дам олишлари учун йўлланмалар топширди.
Маълумот ўрнида, Китобдаги 49-мактабда 714 нафар ўқувчи таълим олиб, уларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш йўлида эса 56 нафар фидойи педагог таълим бермоқда. Жорий йил мактабни 49 нафар битирувчи муваффақиятли тамомлаётган бўлса, уларнинг 10 нафарга яқини ҳали мактабни якунламасдан туриб олий таълим муассасалари талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди.









