Миракида Зарафшон дарёси ҳавза кенгашининг 5-йиғилиши ўтказилди
2026-05-22 16:25:00 / Янгиликлар

Шаҳрисабз туманидаги Мираки туризм мажмуасида Зарафшон дарёси ҳавза кенгашининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази (МОМЕМ) ва Каритас-Швейтсария (Caritas Switzerland) консортсиуми билан ҳамкорликда 2023–2027 йилларда амалга оширилаётган “Зарафшон дарёси ҳавзасининг иқлимга чидамли комплекс сув ресурсларини бошқариш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Тадбирнинг биринчи кунида тумандаги Қашқадарё ва Зарафшон дарёлари ҳавзалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни таъминловчи Қорахўжа-2 канали бош иншооти, ичимлик суви таъминоти лойиҳалари ва “Пахтакор” насос станцияси фаолияти билан яқиндан танишилди.
Кейинги кунда расмий очилиш маросими ўтказилиб, Швейтсариянинг юртимиздаги элчихонаси миссияси бошлиғи ўринбосари, халқаро ҳамкорлик раҳбари Андрин Финк ҳавза кенгашларини ривожлантириш масаласига тўхталиб ўтди.









