Қарши шаҳрида халқаро даражадаги замонавий сув спорти саройи тантанали равишда очилди
2026-04-28 18:50:00 / Янгиликлар

Хабар берганимиздек, бугун Президентимиз ташаббуслари билан Қарши шаҳрида халқаро талаблар асосида қурилган, халқаро даражадаги мусобақаларни юқори савияда ўтказиш имконини берувчи муҳташам сув спорти саройининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, World aquatics бюроси аъзоси Шаҳноза Мирзиёева, Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, Касаба уюшмалари ҳамда Uzbekistan aquati федерациялари раиси Қудратилла Рафиков, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, қатор хорижий давлатлар касаба уюшмалари делегациялари, сузиш бўйича икки карра Олимпия ўйинлари совриндори бўлган спортчи, "Сув париси - 2026" халқаро турнири иштирокчилари, депутатлар ва эл ардоғида бўлган фахрийлар, ёзувчи ҳамда шоирлар, спортчилар ва уларнинг мураббийлари иштирок этди.
Мазкур сув спорти саройида 50х21 метр ўлчамдаги асосий сузиш ҳавзаси, 16х16 ўлчамли 10 метр баландликдан сувга сакраш ҳавзаси, болалар учун 2 та 6х12 метрли бассейнлар, фитнес ва мажлис заллари, маъмурият ва медиа хоналари ҳамда ёрдамчи инфратузилмалар мавжуд. Шунингдек, томошабинлар учун 700 ўринли трибуна, кириш қисмида катта зал, душ ва кийим алмаштириш хоналари, сауна ва дам олиш хоналари барпо этилган. Барча ускуна ва жиҳозлар дунёнинг етакчи, ишончли ва машҳур ишлаб чиқарувчи компаниялари томонидан, хусусан, Хитой, Италия, Испания, Германия ва АҚШ компанияларининг энг замонавий сув филтрлари, насослари, иситиш ва вентиляция тизимлари билан жиҳозланган.
Шунингдек, очилиш маросими давомида жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари пойтахтимизда ўтказилган синхрон сузиш бўйича "Сув париси - 2026" очиқ халқаро турнирининг ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Бундан ташқари мезбон Ўзбекистон, хорижий Қозоғистон, Россия ва Беларус каби давлатлардан келган сув парилари иштирокидаги чиқишлар ҳамда куй-қўшиқлар барчага кўтаринкилик бағишлади.









