Қашқадарё вилояти ҳокими “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди
2026-04-17 12:10:00 / Янгиликлар

Ушбу кўкрак нишони низомига кўра, мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришган шахслар тақдирланади.
Маълумот учун, 2025 йилда Кўкдала туманида маданият маркази ҳамда болалар мусиқа санъат мактаби замонавий талабларга мос тарзда янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Вилоят мусиқали драма ва қўғирчоқ театрлари хорижий давлатларда ўтказилган Халқаро театрлар фестивалларида муносиб иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритишди.
Шаҳрисабз шаҳар 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда Корея Республикасининг Иксан шаҳри маданият маркази ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Жорий йил давомида вилоят бадиий жамоасининг қатор давлатларга гастроль сафари ташкил этилади.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимовга кўкрак нишонини Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов топширди.






