Янги қарор - янги имкониятлар: Қашқадарё улкан ўзгаришлар остонасида
2026-04-24 20:20:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг “Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига кўра ҳудудда ҳар бир инсон ҳаётига бевосита таъсир қиладиган аниқ режалар ва вазифаларни белгилаб берди. Унда 2026 йил учун жуда муҳим ва аниқ кўрсаткичлар назарда тутилган бўлиб, асосий мақсад - иқтисодиётнинг ўсишини таъминлаш, одамларни иш билан банд қилиш, даромадларни ошириш ва яшаш шароитини яхшилашдан иборат.
Аввало, вилоят иқтисодиётини сезиларли даражада ошириш кўзда тутилган. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот 8,2 фоизга, саноат ишлаб чиқариш 8,6 фоизга, хизматлар соҳаси 15,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги 5,8 фоизга ва қурилиш соҳаси 13,2 фоизга ўсиши белгиланган.
Бу рақамлар ортида янги корхоналар, янги хизмат турлари, янги қурилишлар ва энг муҳими - янги иш ўринлари турибди. Шу орқали ишсизлик даражаси 3,2 фоизгача туширилиши, камбағаллик даражаси эса 3 фоизгача камайтирилиши режалаштирилган. Айрим шаҳар ва туманларнинг ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилиши белгилангани алоҳида аҳамиятга эга.
Маълумки, вилоятда йўл инфратузилмаси билан боғлиқ ечимини кутаётган қатор масалалар мавжуд. Шу мақсадда, қарор асосида йирик автомобиль йўлларини реконструкция қилиш, юзлаб километр йўлларни таъмирлаш бўйича аниқ вазифаларнинг белгиланиши ушбу масалаларни ечиш имконини беради.
Айрим ҳудудларда электр таъминоти барқарор эмаслиги, эскирган тармоқлар ва қувват етишмаслиги, шунингдек, ичимлик суви ҳамда оқова тизимларда муаммолар кузатилаётганди. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида 460 та трансформатор ўрнатилиши, 1592 километр электр тармоқларининг янгиланиши, шунингдек 16 та иншоот қурилиб,
416 километр сув ва оқова тармоқларининг барпо этилиши мазкур муаммоларни босқичма-босқич бартараф этишга хизмат қилади ҳамда аҳолини, айниқса чекка ҳудудларда яшовчиларни муносиб инфратузилма билан таъминлаш имконини яратади.
Саноат соҳасида ҳам катта ўзгаришлар кутилмоқда. Муборак туманида 200 гектар ер майдонида “Муборак инновацион саноат зонаси” ташкил этилади. Бу ҳудудда янги ишлаб чиқариш корхоналари пайдо бўлади, замонавий технологиялар жорий қилинади ва минглаб янги иш ўринлари яратилади. Шу билан бирга, умумий инвестициялар ҳажмини 1,6 бараварга, экспорт ҳажмини эса 1,3 бараварга ошириш мақсад қилинган. Бу эса вилоят иқтисодиётини янада мустаҳкамлайди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 15,8 минг гектар ер майдонларини қайта фойдаланишга киритиш режалаштирилган. Бу орқали аввал фойдаланилмай ётган ерлар яна ишга туширилиб, ҳосил олинади.
Сир эмаски, Қашқадарё республикамизда энг сув танқис бўлган ҳудудлар сирасига киради. Қарорга кўра, сув танқислиги муаммосини юмшатиш учун замонавий сув тежовчи технологиялар жорий этилиб, насос станциялари модернизация қилинади. Вилоятда кутилган 800 миллион куб метр сув танқислигининг салбий таъсирини камайтириш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда. Қўшимча равишда, Амударё ҳавзасидан 3,7 миллиард куб метр сув етказиб бериш режалаштирилгани ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга.
Сувдан самарали фойдаланиш учун “Ақлли қудуқлар” каби замонавий тизимлар жорий этилади. Шунингдек, айрим ҳудудларда каналлар ўрнига қувурли тизимга ўтиш орқали сув йўқотилишининг олди олинади. Қишлоқ хўжалигида агростар лойиҳалари амалга оширилиб, чорвачилик ва озуқа базасини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилади.
Вилоятда транспорт хизмати билан боғлиқ масалалар ҳудудда туризм соҳасини ривожлантиришга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бу борада йўл-транспорт инфратузилмаси яхшиланиши, аҳоли пунктларининг туристик объектлар билан боғланиши, Тошкент - Шаҳрисабз йўналишида юқори тезликдаги поездлар ҳаракатланиши аҳоли ва меҳмонлар учун катта қулайлик яратади.
Энергия самарадорлигини ошириш ҳам муҳим йўналишлардан бири бўлиб, бу борада 1,2 мингта хонадонда энергия тежовчи қурилмалар ўрнатилади, 623 та гелиоколлектор жойлаштирилади. Айрим бинолар эса “ноль энергия сарфли” тизимга ўтказилади. Бу нафақат харажатларни камайтиради, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам хизмат қилади.
Таълим соҳаси доимо Президентимиз эътиборида бўлиб келган. Шу мақсадда вилоятимизда мактабгача таълим қамровини ошириш учун 350 та оилавий боғча ташкил этилади. Ёшларни хорижда ишлашга тайёрлаш мақсадида Германия ва бошқа Европа давлатлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бунинг учун махсус марказлар ташкил этилиб, ёшларга тил ва касб ўргатилади.
Бу режаларни амалга ошириш учун катта молиявий ресурслар ажратилмоқда. Хусусан, 100 миллион доллар миқдорда фоизсиз кредит ва 190 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилади. Бу маблағлар инфратузилма, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Умуман олганда, мазкур қарор Қашқадарё вилоятини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган комплекс дастур ҳисобланади. Унда иқтисодиёт, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва ижтимоий соҳалар бир-бири билан узвий боғланган ҳолда қамраб олинган. Энг муҳими, бу қарор натижалари оддий одамлар ҳаётида сезиларли ўзгаришларга олиб келиши, уларнинг даромади ва яшаш шароити яхшиланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Даврон КЕСИМОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари
