Вилоят ҳокими Муротжон Азимов Муборак туманида ўрганишлар олиб борди
2026-04-16 20:10:00 / Янгиликлар

Хабар берганимиздек, бугун вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги раҳбарлар Муборак туманида бўлиб, турли тадбирларда иштирок этди.
Хусусан, раҳбарлар дастлаб тумандаги ҳарбий қисмда “Жасорат мактаби” лойиҳаси доирасида вилоятнинг барча ҳудудларидан 10 кунга жалб этилган ҳамда ватанпарварлик, спорт ва интеллектуал танловларида қатнашиб, мутахассислар томонидан қатор касбларга ва тадбиркорликка ўқитилган 120 ёшлар билан учрашди. Лойиҳада фаол ва намунали иштирок этган, мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган ёшлар мазкур тадбир давомида тақдирланди. Шунингдек, тадбир қатнашчилари гиёҳвандликка қарши умумхалқ челленжида иштирок этишди.
Тумандаги кейинги манзилда эса Пайшанба - ёшлар куни муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилиб, вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги раҳбарлар тадбиркорлик билан шуғулланувчи ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ёшларга тегишли тартибда расмийлаштирилган ваучерлар топширилди. Мазкур жараён давомида туман ёшлари мусиқа ва санъат соҳасидаги истеъдодларини ҳам намойиш этишди. Уларга вилоят ҳокими томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Шу билан бирга, вилоят ҳокими Муборак туманида навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди. Уларнинг муаммоларига қулоқ тутди, айримлари шу ернинг ўзида ечим топиб, ўрганиш ҳамда вақт талаб этадиганлари алоҳида назоратга олинган ҳолда ижроси бўйича туман раҳбари бошчилигидаги масъулларга топшириқлар берилди.
Бундан ташқари вилоят раҳбари тумандаги ижтимоий-иқтисодий обектлар билан ҳам яқиндан танишиб, уларда аҳолига хизмат кўрсатувчи, айниқса ёшлар билан ишловчи муассаса ва лойиҳаларнинг фаолиятини ўрганди. Жумладан, тумандаги спорт мактабида мураббий ва ёшлар билан суҳбат қилди.
Бундан ташқари раҳбарлар туманнинг "Ёшлик" маҳалласида "Жасмин Нур" МЧЖ томонидан барпо этилган замонавий хизмат кўрсатиш мажмуаси фаолиятини кўздан кечирди. У ерда меҳмонхона, ўқув маркази, банк хизматлари ҳамда умумий овқатланиш шохобчалари ташкил этилган бўлиб, вилоят ҳокими бу ерда таълим олаётган ёшлар билан мулоқот қилди.









