Республика ишчи гуруҳининг амалий ўрганишлари давом этмоқда
2026-04-13 18:55:00 / Янгиликлар

Хабар берилганидек, Қашқадарё вилоятида спортни янада ривожлантириш мақсадида республика ишчи гуруҳи томонидан соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳамда яратилган шарт-шароитлар ўрганилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятида кенг қамровли ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.
Дастлаб, вилоят ҳокими Муротжон Азимов, Спорт вазири Адҳам Икрамов ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров бошчилигида ишчи гуруҳнинг йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари масъуллари ҳамда спортчилар иштирок этди.
Ташриф давомида 776 та маҳаллада ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш ҳолати, “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари”, “Президент олимпиадаси”, “Янги Ўзбекистон Талабалари Олимпиадаси” спорт мусобақалари, “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари, вилоятдаги спорт инфратузилмаси, мавжуд шароитлар ҳамда спорт таълим муассасалари фаолияти атрофлича таҳлил қилиш учун ўрганиш ишлари ҳам бошлаб юборилди.
Шунингдек, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Мазкур ўрганиш ишлари натижасида ҳудудда спорт соҳасини янада ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш ҳамда юқори натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратилиши кутилмоқда.
Шунингдек, ишчи гуруҳ билан биргаликда Қашқадарёга ташриф буюрган Олимпия ўйинлари, Жаҳон ва Осиё чемпион ва совриндорлари томонидан вилоятдаги ёш спортчилар учун кўргазмали амалий машғулотлар ҳам ўтказилмоқда.









