Муротжон Азимов Шаҳрисабзда ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди
2026-04-09 19:05:00 / Янгиликлар

Пайшанба - ёшлар куни муносабати билан Шаҳрисабз шаҳрида вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигида ёшларга масъул ташкилот раҳбарлари иштирокида кенг қамровли учрашув ташкил этилди.
Тадбир аввалида Шаҳрисабз давлат педагогика институти ҳовлисида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ёшлар билан биргаликда кўчат экиш ишлари амалга оширилди. Шундан сўнг раҳбарлар институтдаги лабораториялар фаолияти билан танишиб, талабалар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар ҳамда “Шахмат плюс” йўналиши тақдимотини кўздан кечирди.
Учрашувда 400 нафардан ортиқ стартапчи, тадбиркор, спортчи ёшлар ва талабалар иштирок этди. Ёшлар билан ўтган очиқ мулоқотда, уларнинг бандлик, таълим, тадбиркорлик, касб-ҳунар эгаллаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид таклиф, ташаббус ва муаммолар тингланди.
Билдирилган масалаларни ҳал этиш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятида бўлган ёшларга пул маблағлари белгиланган ваучерлар топширилди.









