Қашқадарё - Германия ҳамкорлигида яна бир янги лойиҳа фаолияти йўлга қўйилди
2026-04-06 12:50:00 / Янгиликлар

Бугун Германиянинг “Prosicа GmbH” компанияси билан ҳамкорликда Қарши давлат техника университетида “Ёшларни немис тилига ўқитиб, тартибли миграцияга юбориш” маркази тантанали равишда очилди ва унда вилоят ҳокими Муротжон Азимов, германиялик ҳамкорлар, кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирок этганини хабар қилган эдик.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят раҳбари мазкур лойиҳа вилоятимиз ёшлари ҳаётида, уларнинг билим олиши, касб эгаллаши ва халқаро меҳнат бозорида ўз ўрнини топишида, таълим олишга юборилишида муҳим тарихий қадам ва инновацион лойиҳа эканлигини таъкидлади. Немис ҳамкорларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари марказда яратилган шароитларни кўздан кечириб, бугундан немис тили таълим жараёнларига киришган тингловчилар билан яқиндан мулоқот қилди.
Маълумот учун, Президентимиз томонидан жорий йил 13 мартда қабул қилинган ПҚ-96-сон Қарор билан мазкур лойиҳанинг ҳуқуқий асоси яратилиб, ҳозир дастлабки босқичда Германиядан келган 6 нафар малакали ўқитувчилар 250 нафар ёшларни немис тилига ўргатишни бошлади.
Умуман, Германиянинг “Prosica” ва “Мотиба” компаниялари билан ҳамкорликда жорий йил 3 минг, 2030 йилгача жами 50 минг нафар ёшларни ушбу лойиҳа орқали нуфузли немис компанияларига ишга юбориш режа қилинган. Бунда ҳар ой германиялик иш берувчи компаниялар вакиллари вилоятимизга ташриф буюриб, номзодлар билан тўғридан-тўғри суҳбат ўтказади ва шу ернинг ўзида меҳнат шартномалари расмийлаштирилиши кўзда тутилган.






