Навбатдаги “ҳокимлик соати”да долзарб масалалар муҳокама қилинди
2026-03-31 15:35:00 / Мажлислар

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов раҳбарлигида ўтказилган навбатдаги “Ҳокимлик соати” йиғилишида вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига доир муҳим масалалар кўриб чиқилди ҳамда устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда, аввало, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни манзилли ҳал этиш масалалари муҳокама марказида бўлди. Бу борада масъул ташкилотлар фаолиятини янада кучайтириш, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, 2026 йилда аҳоли даромадларини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги туман ва маҳаллаларда “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастурлари ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Йиғилиш давомида жорий йилнинг январь–февраль ойларида ҳудудларда макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилиш ҳолати ва биринчи чорак якуни бўйича кутилаётган натижалар муҳокама этилди. Шу билан бирга, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ер участкаларини очиқ аукцион савдоларига чиқариш, тоифаси ўзгартирилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, вилоятдаги ахборот-кутубхона марказларининг моддий-техник базаси, уларнинг самарали фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган омиллар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида вилоят ҳокими томонидан барча масалалар юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди ва уларнинг ижросини таъминлаш қатъий назоратга олинди.









