Вилоят ҳокими спорт йўналишида ўрганишлар олиб борди
2026-03-23 20:25:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ҳамда “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларининг 2026-йилги мавсумига тайёргарлик жараёнлари юзасидан ишлаб чиқилган стратегик чора-тадбирлар режаси билан танишди.
Йиғилиш давомида вилоят спортчиларининг республика миқёсидаги мусобақаларда иштироки, эришилаётган натижалар таҳлил қилиниб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, спорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш ҳамда юқори натижаларга эришиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, Спорт бошқармаси томонидан 2026 йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар ва аниқ чора-тадбирлар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Вилоят ҳокими томонидан спорт соҳасини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида алоҳида жамғарма ташкил этилиши, ушбу маблағлар иқтидорли спортчиларни рағбатлантириш, уларнинг тайёргарлик жараёнларини янада такомиллаштириш ва муносиб шароитлар яратишга йўналтирилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, учрашув доирасида вилоят велоспорт федерациясига амалий ёрдам сифатида “Дамас” русумли автомобиль ҳамда 11 дона замонавий, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган велосипедлар топширилди. Бу эса ҳудудда велоспортни ривожлантириш, ёшлар ўртасида ушбу спорт турига қизиқишни оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ташриф якунида вилоят раҳбари спорт курашлари марказида шуғулланаётган ёш спортчиларнинг машғулот жараёнларини бевосита кузатиб, уларга келгуси мусобақаларда юқори натижаларга эришиш, вилоят шаънини муносиб ҳимоя қилиш борасида зарур тавсиялар ва мотивацион кўрсатмалар берди.
Мазкур учрашув Қашқадарё вилоятида спортни ривожлантириш, ёш авлодни соғлом турмуш тарзига жалб этиш ҳамда юксак натижаларга эришишга қаратилган изчил ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.








