Қашқадарё вилояти ҳокими Зулфия мукофоти совриндорлари билан мулоқот қилди
2026-03-16 17:30:00 / Янгиликлар

Хабарингиз бор, Президентимизнинг “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизнинг бир гуруҳ фаол ва ташаббускор хотин-қизлари нуфузли мукофот билан тақдирланди. Улар сафида воҳамиздан Муродова Маржона Шуҳрат қизи (Божхона институтининг халқаро ҳамкорлик бўлими инспектори) ва Амирова Латофат Баҳром қизи (Эркин ижодкор, шоира) бор эди.
Жорий йилнинг 14 март куни вилоят ҳокими Муротжон Азимов зулфиячи қизлар билан учрашиб, мамлакатимизда Президентимиз томонларидан хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзининг иқтидори, муҳим ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётгани, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, юрт равнақи йўлида бор куч-ғайрати, замонавий билим ва малакаси, маънавий-интеллектуал салоҳиятини намоён этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Мулоқот давомида келгусида хотин-қизлар ва ёшлар йўналишида маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий кеча ҳамда танловлар ўтказиш бўйича қатор ғоялар илгари сурилди. Совриндор қизлар таълим, сиёсат, ижод ва жамоатчилик фаолияти орқали келгусида ҳам юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш ниятида эканликларини билдиришди.
Маълумот ўрнида, Латофат Амиров вилоят ҳокимининг тавсияси билан бугундан Косон тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.






