Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан вилоят ҳокими Азимов Муротжон Бердиалиевичнинг воҳамиз аёлларига байрам табриги
2026-03-07 13:25:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, қадрли онахонлар, муҳтарама опа-сингиллар!
Барчангизни кўкламнинг гўзал байрами – Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклайман! Баҳор осмонидай тиниқ ниятларингиз ижобат бўлиб, доимо эъзоз ва эҳтиромда яшашингизни тилайман!
8 март муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтлидир!” шиори остида “Аёлларни эъзозлаш” ойлиги ўтказилмоқда.
Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Юртимизда барча ислоҳотлар, аввало, оила институтини мустаҳкамлаш, аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бандлигини таъминлаш ҳамда муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилмоқда
“Аёлларга илм бериш — жамиятни илмли, маърифатли ва салоҳиятли қилиш” деган мезон ҳаётимизга чуқур сингиб бормоқда.
Охирги 3 йилда 8 мингдан ортиқ хотин-қизларнинг олийгоҳларда ўқиши учун 25 миллиард сўмлик контракт пуллари тўлаб берилди.
Қарийиб 32 минг нафарига 335 миллиард сўм фоизсиз таълим кредитлари ажратилди.
Яратилган кенг имконият ва шароитлар ҳисобига аёл тадбиркорларимиз сони 2 бараварга ошди.
90 мингга яқин хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга 2 триллион сўмдан ортиқ кредит ажратилди.
Барча соҳаларда замонавий билим, истеъдод, етакчилик қобилиятига эга фидойи хотин-қизларимиз сони йил сайин ортиб бормоқда.
Байрам муносабати билан вилоятимиздан меҳнат фаолиятида катта натижаларга эришган, эл-юртимиз ўртасида ҳурмат ва эътибор топган муҳтарама аёлларимиздан бир гуруҳи Давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.
Шунингдек, билими, иқтидори билан тенгдошларига намуна бўлиб келаётган 2 нафар қизларимиз Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Мукофотланганларни чин юракдан табриклаб, келгуси ишларида улкан ютуқ ва омадлар тилайман.
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Жорий йилда ҳам хотин-қизларимизни фаол қўллаб-қувватлаш устувор вазифамиз бўлиб қолади.
Қизларимизнинг таълим олиши бўйича олиб бораётган ишларимиз изчил давом эттирилади.
Аёлларни ишли ва даромадли қилиш масаласи доимий эътиборимиз марказида бўлади.
Хусусан, 20 минг хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилади, 120 минг нафарининг бандлиги таъминланади.
Тадбиркорлик қилмоқчи бўлган аёлларимизга зарурий молиявий ресурслар йўналтирилади, барча раҳбарлар бу борада кўмакчи бўлади.
Маҳаллаларда “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари” ташкил этилади.
Аёлларни асраш, саломатлигини муҳофаза қилиш, қизларимизни эрта никоҳ ва эрта туғуруқ каби салбий иллатлардан ҳимоя қилиш, оила ва никоҳ муқаддаслигини сақлаш борасида кенг жамоатчилик сафарбар этилади.
Ҳар томонлама соғлом, билимли авлод тарбиялаш мақсадида “Маърифатли оналар мактаби” йўлга қўйилади.
Аёлларнинг спортга қамровини ошириш мақсадида “Спорт олимпиада”лари ташкил этилади.
Азиз байрам иштирокчилари!
Бугун мамлакатимизда жамиятимиз гултожи, миллат тарбиячиси бўлган аёлларнинг ҳуқуқ, манфаатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек: “Биз сизларнинг тимсолингизда Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлиб, майдонга чиқаётган 22 миллион ёш авлодни оналик меҳри билан тарбиялаб, вояга етказган буюк бир кучни кўрамиз. Сизлар тадбиркор, олим, муаллим, шифокор, муҳандис, давлат ва жамоат арбоби, бир сўз билан айтганда, хонадонларимиз фариштаси, оила ва жамият таянчи, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”.
Биз Сизлар билан ҳамиша фахрланамиз! Сизга қувонч, меҳр тортиқ этишдан руҳланамиз.
Сизларни рози ва бахтли қилиш, эзгу орзу-ниятларингизни рўёбга чиқариш йўлида ўзимизни ҳамиша бурчли сезамиз.
Яна бир бор байрамингиз билан қутлаб, ҳамиша мусаффо осмон остида, яқинларингиз ва жамиятимиз ардоғида гўзал ва бахтли ҳаёт кечиришингизни тилайман!
Байрамингиз муборак бўлсин, азизлар!
