Қашқадарёда спорт тизими фаолияти танқидий таҳлил қилинди ва устувор вазифалар белгилаб олинди
2026-02-27 10:50:00 / Янгиликлар

Бугун Қашқадарё вилояти ҳокимлиги мажлислар залида вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳамда Спорт вазири Адҳам Икрамов бошчилигида спорт соҳаси вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Спорт бошқармаси, спорт таълим муассасалари, спорт федерациялари, ҳамкор ташкилотлар, олий таълим, мактабгача ва мактаб таълими тизими масъуллари ҳамда туман шаҳар ҳокимликлари студиялари орқали туманлар вакиллари қатнашган видеселектор йиғилиши давомида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2026-йилги мавсумига старт берилганлиги таъкидланиб, ҳамкор ташкилотлар иштирокида оммавий тарғибот масалалари тақдимот кўринишида тушунтирилди. Шунингдек, “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларида вилоят спортчиларининг натижалари танқидий таҳлил қилинди.
Спорт вазирлиги томонидан жорий этилган “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизими орқали ёшларни рўйхатдан ўтказиш, ҳисоботларнинг шаклланиши ва уларнинг ҳаққонийлиги масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида масъулларга оммавий спорт қамровини кенгайтириш, ёшларни мусобақаларга кенг жалб этиш, электрон рўйхатга олиш тизимида шаффофликни таъминлаш, берилган топшириқлар ижросини қатъий назоратга олиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Мазкур йиғилиш ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида тизим самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, Спорт вазири Қарши Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ва Қарши давлат университетида ҳам бўлиб, уларда ўқувчи-спортчилар учун зарур шароитларни яратиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.









