Маҳаллада бошланган ислоҳот — хонадонда сезилаётган натижа
2026-02-09 15:50:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовнинг “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2026 йил 7 февралдаги сонида эълон қилинган “Ислоҳотлар нафаси ҳар бир маҳаллада, ҳар бир хонадонда сезилиши керак” сарлавҳали мақоласи бугунги тараққиёт жараёнларининг моҳиятини, давлат сиёсатида инсон манфаати энг устувор ўринда эканини яна бир бор намоён этди. Мақола ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари, уларнинг одамлар ҳаётида қандай акс этаётганини аниқ кўрсатиб бермоқда.
Бугун Қашқадарё ҳақиқатан ҳам улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Қурувчилар азму шижоати, ислоҳотларнинг изчиллиги ва қатъий назорат туфайли шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси кун сайин ўзгармоқда. Уй-жой қурилиши, йўллар, кўприклар, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмаси объектлари, нафақат ҳудуднинг ташқи кўринишини, балки аҳоли турмуш сифати ва кайфиятини ҳам юксалтирмоқда.
Ўтган йили режадаги 176 та ўрнига 208 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилгани аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид ислоҳотлар самарадорлигини яққол кўрсатади. Жорий йилда 7510 хонадонли уй-жойлар қурилиши режалаштирилгани эса бу жараённинг изчил давом этаётганидан далолатдир.
Мақолада камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Чунки, ислоҳотлар самараси, энг аввало, инсоннинг даромади, иш ўрни ва эртанги кунга ишончи билан ўлчанади.
Мисол учун, 2025 йилда вилоятда 32 минг 880 оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилиб, 167 минг оиланинг турмуш шароити ўрганилгани, 87 минг оиланинг “Камбағал оилалар реестри”га киритилгани тизимли ва манзилли ёндашувни кўрсатмоқда. Натижада, камбағаллик даражаси 9,6 фоиздан 6,5 фоизга туширилган, 60 та маҳалла камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилган. Албатта, бу рақамлар минглаб оилаларнинг ҳаётини ўзгартирган, уларда умид ва ишончни мустаҳкамлаган.
Инвестиция ва саноат соҳасидаги ютуқлар ҳам аҳолини барқарор иш билан таъминлашда муҳим омилга айланмоқда. Қиймати 2,2 миллиард долларлик 618 та лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 18 мингта барқарор иш ўрни яратилган. Экспорт географиясининг 54 давлатгача кенгайиши, маҳаллий корхоналарнинг халқаро бозорда ўз ўрнини топаётгани Қашқадарё иқтисодиётида сифат жиҳатидан янги босқич бошланганидан далолат беради.
Мақолада келтирилган маълумотларга кўра, аграр соҳа ҳам янгиланиш ва рақамлаштириш даврига қадам қўйган. Ғалла, пахта, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмларининг ошиши, экспорт кўламининг кенгайиши билан бирга сув тежовчи технологиялар, илмий ёндашув ва аниқ ҳисоб-китоблар жорий этилаётгани аҳамиятлидир. Бу ўз навбатида деҳқон ва фермернинг манфаатини ҳимоя қилиш, ҳар гектар ердан олинаётган даромадни оширишга хизмат қилмоқда.
Транспорт ва йўл инфратузилмасидаги ўзгаришлар эса аҳолининг кундалик ҳаётида энг тез сезилаётган ислоҳотлардан биридир. 2025 йилда замонавий автобус ва микроавтобусларнинг харид қилиниши, “Қарши автошоҳбекати”нинг барпо этилиши, минглаб километр йўл ва кўприкларнинг таъмирланиши одамларнинг ҳаракатланиши, меҳнат қилиши ва дам олиши учун қулайлик дегани.
Туризм соҳасининг драйвер тармоққа айланиб бораётгани ҳам Қашқадарё тараққиётининг муҳим йўналишидир. Мираки, Шаҳрисабз, Китоб ва бошқа ҳудудларда туризм инфратузилмасининг ривожланиши, миллионлаб маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг ташрифи, хизматлар экспорти ҳажмининг ошиши янги иш ўринлари ва даромад манбаини яратмоқда.
Тиббиётдаги ислоҳотлар эса инсон саломатлигини ҳимоя қилишда сифат ўзгаришларига олиб келмоқда. Юқори технологик операциялар, рақамлаштириш, хусусий тиббиётнинг ривожи аҳоли учун тиббий хизматни яқин ва очиқ қилди. Бу соҳадаги ютуқлар халқнинг давлат сиёсатига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Хулоса қилиб айтганда, депутат сифатида айтиш жоизки, ушбу мақолада баён этилган ғоя ва вазифаларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Чунки амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз моҳиятига кўра инсонга хизмат қилмоқда. Унинг нафаси эса ҳар бир маҳаллада, ҳар бир хонадонда сезилмоқда.
Даврон КЕСИМОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
