Миллий армия: тинчлик ва миллий ҳимоянинг кафолати
2026-01-13 19:05:00 / Янгиликлар

14 январь - Ватан ҳимоячилари куни юртимиз ҳаётида алоҳида маъно касб этади. Бу сана, нафақат ҳарбийларимизга бўлган чуқур ҳурмат ва эътироф ифодаси, балки мамлакатимиз тинчлиги, мустақиллиги ва тараққиёти йўлидаги ироданинг рамзи ҳамдир. Ушбу байрам арафасида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Давлатимиз раҳбари мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий салоҳиятни юқори даражага олиб чиқиш йўлида амалга оширилган ишлар, олиб борилаётган ислоҳотлар ва келгусидаги устувор вазифаларга тўхталди. Мамлакатимиз армияси замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланмоқда, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлиги доимий равишда оширилмоқда. Мудофаа саноати салоҳиятини мустаҳкамлаш эса миллий ҳарбий мустақилликни таъминлашда асосий омил ҳисобланади.
Хусусан, Мудофаа вазирлиги қўшинларида янги тактик усуллар жорий этилди, машғулотлар сони ва шиддати 1,5 баробарга оширилди, учувчисиз учиш аппаратлари бўлинмалари ва мутахассислар тайёрлаш марказлари ташкил этилди. Армияни рақамлаштириш натижасида ахборот хавфсизлиги ва бошқарув самарадорлиги сезиларли даражада ошди. Бундан ташқари, ҳарбий таълим тизими тубдан модернизация қилинди, Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди, таълим жараёнида сунъий интеллект ва замонавий баҳолаш технологиялари жорий этилди.
Давлатимиз раҳбари замонавий уруш табиатининг тубдан ўзгарганини алоҳида таъкидлади. Энди ғалаба фақат танк ва самолётлар сонига эмас, балки сунъий интеллект, рақамли бошқарув, узоқ масофага зарба берувчи воситалар, кибер ва робот технологиялари, сиёсий-иқтисодий таъсир воситалари орқали ҳам қўлга киритилади. Шу боис, тинчлик ва хотиржамликни энг қимматли бойлик сифатида сақлаш учун барча соҳаларда “проактив иш режими”га ўтиш шартлиги алоҳида қайд этилди.
Ҳарбий хизмат тизими ҳам бу талабларга мувофиқ янгиланмоқда. Муддатли ҳарбий хизмат, нафақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик, балки ёшларнинг жамиятда мустаҳкам ўрин топиши, меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрланиши учун асосий босқич сифатида ташкил этилиши лозимлиги таъкидланди. Ҳарбий қисмларда ёшларни касбга тайёрлаш учун 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади, имтиҳонлар ва сертификатлаш орқали уларнинг малакаси рағбатлантирилади.
Шунингдек, ҳар йили 5 минг аскар “Бир миллион дастурчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида ўқитилади. Армиядан қайтган ёшларга олийгоҳларда таҳсил олиш ва бандлик соҳасида турли имтиёзлар берилади. Бу эса ҳарбий хизматни ёшлар учун фаол ҳаётга киришиш ва профессионал ривожланиш йўлига айлантирмоқда.
Ҳарбий хизматчиларнинг маънавий оламини бойитиш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланмоқда. Барча ҳарбий қисм ва муассасалар жами 1 миллион нусхадаги бадиий адабиётлар билан таъминланади, мактаб-лицейлар, курсантлар, сержант ва офицерлар ўртасида китобхонлик танловлари ўтказилади. Шунингдек, спортнинг анъанавий турлари билан бир қаторда киберспорт, дрон ва робот технологиялари каби замонавий спорт турлари ҳам жорий этилмоқда.
Хавфсизлик ва замонавий технологияларнинг уйғунлиги ҳарбий салоҳиятни оширишда асосий омил ҳисобланади. Армия сунъий интеллектга асосланган роботлашган мажмуалар, учувчисиз тизимлар, енгил техника ва замонавий қуроллар билан таъминланмоқда. Мудофаа саноатида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Миллий рақамли инфратузилма ва киберхавфсизликни мустаҳкамлаш ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Шу билан бир қаторда, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси ҳам доимий эътибор марказида. 1 апрелдан бошлаб офицерлар учун кўп йиллик хизмат устамаси 2 карра оширилади, контракт асосида хизмат қилаётган аскар ва сержантларнинг ойлик маоши 10 фоизга кўпайтирилади. Уй-жой қурилиши кенгайтирилади, пенсия таъминоти мукаммаллаштирилади.
Давлатимиз раҳбари, замонавий таҳдидлар ва киберхавфсизликни ҳисобга олган ҳолда, янги Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш зарурлигини белгилади. Янги доктрина Ўзбекистоннинг ҳар қандай ҳарбий блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолишини, кўп томонлама дипломатия ва юқори технологияларга асосланган стратегияни ривожлантиришни таъминлайди.
Шу тариқа, миллий армиямиз - тезкор, юқори технологияли, замонавий таҳдидларга мослашган, халқ ва давлат хавфсизлигини таъминлай оладиган кучли тизимга айланмоқда. Бу эса тинчлик, барқарорлик ва мамлакат тараққиётининг энг ишончли кафолати сифатида барча соҳаларда яққол намоён бўлмоқда.
Даврон КЕСИМОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий
бўлинмаси раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
