Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан байрам табриги
2025-12-06 16:52:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум азиз воҳадошлар!
Тантанали байрам тадбирининг муҳтарам иштирокчилари!
Аввало барчангизни, вилоятимизда истиқомат қилаётган кўп миллатли халқимизни - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги билан самимий табриклайман!
Бош қомусимиз бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий , адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди.
Муҳтарам Президентимиз қайд этганларидек: “Халқимизнинг ҳуқуқий тафаккури, хоҳиш-иродасининг ёрқин тимсоли ва амалий ифодаси бўлган Асосий Қонунимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди”.
Бу йилги байрам тантаналари “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган бош ғоя асосида кенг нишонланмоқда.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳисобланади.
Конституция ва қонун устунлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини янгича ҳуқуқий шароитга мос ҳолда йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши, одамлар ташвиши билан яшаш, халқимизнинг қонуний талаб-истаклари, хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш давлат органлари фаолиятининг энг муҳим мезонига айланмоқда.
Қайси соҳани олмайлик, қишлоқ хўжалиги, кимё-технология, саноат, ишлаб чиқариш, таълим, тиббиёт – бўлаётган ўзгариш, янгиланишларнинг мазмун моҳияти Конституциямизда ўз ифодасини топган.
Бугун ўзаро мулоқотларда, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда “Бу – менинг конституциявий ҳуқуқим!” деган иборага кўп дуч келмоқдамиз. Дарҳақиқат, одамларимиз ғурур, ифтихор билан Конституцияга таянишга, кундалик ҳаётда ундан куч, мадад, илҳом олишга одатланди.
Бу аҳолининг ҳуқуқий маданияти ошиб бораётгани, Бош қомусимизнинг барча жабҳаларда тўғридан-тўғри ва бевосита қўллаш амалиёти - ўз самарасини бераётганидан далолатдир.
Инсон қадрини юксалтириш бўйича Асосий қонунимизда муҳрлаб қўйилган устувор тамойилларни ҳаётимизга изчил татбиқ этиш борасида воҳамизда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Албатта, бу каби хайрли ўзгаришлар одамларимизнинг Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларининг яққол ифодасидир.
Азиз дўстлар!
Муҳтарам Президентимизнинг кўрсатмалари, бунёдкор халқимизнинг азму шижоатига таянган ҳолда вилоятимизда келгусида қатор режалар кўзда тутилган.
Хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш борасида янгидан-янги лойиҳалар амалга оширилади.
Бунинг натижасида келгуси йили вилоятимиз иқтисодиётининг 106,1 фоизга ўсиши таъминланади. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 107 триллион сўмга етказилади.
Янги иш ўринларини яратиш орқали 150 минг воҳадошларимиз банд қилиниб, ишсизлик 4,6 фоизга, камбағаллик 3,4 фоизга туширилади..
Иқтисодиётимизга 4 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинади, 1 миллиард долларлик Қашқадарё маҳсулотлари хорижга экспорт бўлади.
Қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона, самарали фойдаланиш ишлари янада кучайтирилади. Илғор технологияларни қўллаш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш янада жонлантирилади.
Шаҳар, қишлоқларимизни обод қилиш, янги уй-жойлар, тиббиёт, таълим, маданият, спорт масканларини барпо этиш, йўл, коммуникация тармоқларини модернизация қилиш, манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш диққат марказимизда бўлади.
Таълим сифатини яхшилаш асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади. Ёшларимизнинг чет тили, АйТи ва замонавий касбларни эгаллашлари учун хорижий лойиҳалар кенгайтирилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун янада қулай шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоийлашувини ошириш янги босқичга кўтарилади.
Рақамлаштириш, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш йўналишида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилади.
Оила, маҳаллаларда ўзаро ҳурмат, аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш - ҳамиша эътиборимизда бўлади.
Фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларда - бюрократик тўсиқларни кескин қисқартириш, ушбу жараёнлардаги коррупциявий омилларни бартараф этиш, маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича ишлар изчил давом эттирилади.
Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари фаол қўллаб-қувватланади.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати қамровини янада кенгайтириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш фаолиятимизнинг энг асосий йўналишларидан бирига айланади.
Умуман, келгусида Давлатимиз раҳбари белгилаб берган бешта устувор йўналиш диққат марказимизда бўлади.
Булар, аввало, сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш, бизнесни ривожлантириш, коррупциядан холи, адолатли суд тизимини яратиш, соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлашдан иборат.
Ҳурматли тадбир қатнашчилари!
Асосий қонунимиз фақат ҳуқуқий ҳужжат эмас, у мамлакат тараққиётининг маънавий мезони, фуқароларнинг давлатга ва жамиятнинг келажакка ишончини мустаҳкамловчи пойдевордир.
Унга риоя қилиш эса ҳар биримиз учун нафақат конституциявий бурч, балки фуқаролик масъулиятидир.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини устувор мақсад деб билган маърифатпарвар жадидларнинг “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғоялари бугун ҳам барчамизни Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳамжиҳатликка чорлаб турибди.
Сизларни Конституция куни билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик- хотиржамлик, файзу барака тилайман!
Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучидан илҳомланган ҳолда Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессансни бунёд этиш йўлидаги орзу-ниятларимизга биргаликда етайлик!
Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз уқтирганларидек: “Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!”
Эътиборингиз учун раҳмат!
