“Ватан таянчи” отрядлари аъзолари тантанали ваъда берди
2025-11-25 17:25:00 / Янгиликлар

Бугун Қарши шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий авиация институтида “Ватан таянчи” отрядлари аъзоси бўлган ўқувчиларнинг тантанали ваъда бериш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, ўқувчилар, устозлар, ота-оналар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
“Ватан таянчи” ҳаракатининг асосий мақсади ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда масъулият, фуқаролик бурчи ва Ватанга садоқат туйғусини шакллантиришдир. Шу мақсадда вилоятдаги хусусий мактаблар, спорт мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, техникум ва политехникумларда махсус отрядлар фаолияти йўлга қўйилган.
Бу йил 30 мингдан ортиқ ўқувчилар орасида билим ва жисмоний тайёргарлиги билан ажралиб турган 1 060 нафар ёш отряд аъзолигига қабул қилинди. Маросим давомида улар Ватан ва халқ олдида тантанали ваъда бердилар. Шунингдек, 400 нафар “Ватан таянчи” ҳаракати аъзоларига кўкрак нишон ва аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.
“Ватан таянчи” ҳаракати аъзолари учун қатор имтиёзлар белгиланган. Хусусан, фаол ўқувчилар Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этиладиган тавсиянома орқали олий ҳарбий таълим муассасаларига киришда тест ёки якуний суҳбат натижасига қўшимча балл олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Шунингдек, ўқув йилида ҳарбий қисмлар ва полигонларда мунтазам амалий машғулотлар ташкил этилади.
Тадбирда вилоят ҳокими сўзга чиқиб, ўқувчиларнинг Ватанга садоқат руҳида тарбияланиши, уларнинг келажакда мард, билимли ва ватанпарвар авлод сифатида вояга етишида ушбу ҳаракатнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
“Ватанга қасамёд юртимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчни адо этишга бел боғлаган ҳар бир йигитнинг улуғ ваъдасидир. Бу Қуролли Кучларимиз сафига кирган ҳар бир ёш ҳарбий хизматчи учун унутилмас кун ҳисобланади”, - деди Муротжон Азимов.
Тадбир якунида вилоят ҳокими “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кузги кўчат экиш тадбирида иштирок этди.









