Вилоят ҳокими Қарши туманида ўрганишлар олиб борди
2025-11-15 12:30:00 / Янгиликлар

Кеча Нишон туманида ўрганишлар олиб борган вилоят ҳокими Муротжон Азимов хабар берганимиздек бугун ҳам ҳудудларга чиқиб, бир қанча манзилларда бўлди.
Хусусан, бу галги ўрганишлар Қарши тумани ҳудудида давом этди. Дастлаб вилоят раҳбари тумандаги 2-сон политехникумига ташриф буюриб, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиб, политехникум ҳудудида ташкил этилган дендрология боғи, асаларичилик ва ўрдакчилик хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, политехникумда аҳоли ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда ўргатиш жараёнларини кўздан кечирди. Таълим даргоҳидаги ўқувчи ёшлар ва аҳоли билан суҳбат қилиб, уларнинг таклифлари билан қизиқди.
Жумладан, вилоят ҳокими тикувчилик бўйича амалиёт жараёни билан танишар экан Андижонда ўтказилган халқаро мусобақада модалар технологияси йўналиши бўйича 3-ўрин соҳибаси бўлган Асила Ҳамроевага ноутбук ҳам совға қилди.
Шундан сўнг Муротжон Азимов “Ҳилол” маҳалласида ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида 20 млн. сўм кредит ва субсидияга пишириқ печи олиб, камбағалликдан чиқарилган хонадонга ташриф буюрди. Хонадон эгалари билан мулоқот қилиб, ўзининг эсдалик совғаларини улашди.
Навбатдаги манзил эса “Ҳилол” маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноси бўлиб, у ерда маҳалла еттилиги билан мулоқот қилди. Уларнинг фаолияти ва келгуси режалари ҳақидаги тақдимотларини тинглади.
Шунингдек, вилоят ҳокими маҳалладаги 5-сонли мактабда бўлиб, у ерда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва таълим-тарбия жараёнлари, хусусан, мактабда ташкил этилган турли, "Заковат" сингари тўгараклар фаолиятини ўрганди ва мактабга электрон доска совға қилди. Шу ернинг ўзида тумандаги инглиз тили ўқитувчилари билан мулоқот қилиб, ёшларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича фикр алмашди.
Вилоят ҳокимининг тумандаги бугунги ўрганишларининг сўнги манзили “Янги Боғобод” маҳалласидаги 1-сонли кичик ҳажмдаги болалар уйи бўлди. Бу болалар уйининг ижтимоий ҳимояга муҳтож шаклларидан фарқи турли эҳтиёжларга эга, жумладан, ногиронлиги бўлган болалар оилага ўхшаш муҳитда тарбияланади. Муротжон Азимов бу ердаги шароитларни кўздан кечириш жараёнида болажонларга эсдалик совғаларини улашди.
Фотолавҳалар: https://t.me/qvh_axboroti/41693





