АҲОЛИ ХАВФСИЗЛИГИ ЙЎЛИДА: РАҚАМЛАР, НАТИЖАЛАР ВА ВАЗИФАЛАР
2026-11-09 13:50:00 / Матбуот анжуманлари

Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерларга вилоятда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хонадонларида профилактик тадбирларни ташкил этиш, қутқарув бўлинмаларининг мавсумга тайёргарлиги ва соҳадаги долзарб вазифалар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Матбуот анжуманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида амалга оширилган ишлар натижалари ҳам келтирилди. Хусусан, 44 та ишчи гуруҳ томонидан 50 883 та аҳоли турар жойи ва 36 149 та кўп қаватли уй хонадонлари ўрганилди. Ўрганишлар давомида аниқланган иситиш печлари, дудбуронлар ва газ ускуналари билан боғлиқ техник камчиликлар бартараф этилди.
Шунингдек, вилоятдаги 330 та маҳалланинг ҳар бирида «Маҳалла муҳофазаси инспектори» фаолияти йўлга қўйилгани, аҳоли билан маҳаллабай ва хонадонбай ишлаш орқали мавжуд хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўрилаётгани алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, сел ва сув тошқинлари хавфи мавжуд ҳудудларда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, вақтинча кўчирилиши лозим бўлган хонадонларни аниқлаш, махсус техникалар ва қутқарув кучларининг доимий шайлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди.
Анжуман давомида журналист ва блогерлар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, амалга оширилаётган профилактик тадбирлар ва келгусидаги вазифалар юзасидан фикр алмашдилар.



