КОНИМЕХДАН КОИНОТ САРИ: ЁШЛАР ИЛМИЙ МИССИЯСИ 34 КИЛОМЕТР БАЛАНДЛИКНИ ЗАБТ ЭТДИ!
2026-11-02 16:15:00 / Янгиликлар

Робототехника ва муҳандислик ассоциациясининг олти нафар қиздан иборат жамоаси томонидан ташкил этилган Sky Mission Bootcamp лойиҳасининг амалий босқичида гелий билан тўлдирилган махсус шар ёрдамида космик қурилма Конимех осмонида 34 километр баландликка кўтарилди.
Bootcamp давомида иштирокчилар 3D моделлаштириш, электроника ҳамда CubeSat йиғиш бўйича назарий билимларини амалиётда синовдан ўтказдилар.
Лойиҳа доирасидаги яна бир қувонарли янгилик — иштирокчи, Робототехника ва муҳандислик ассоциациясининг сунъий йўлдошлар ва ракета технологиялари бўйича менежери Эъзоза Йўлдошева SpaceX томонидан «Space Pioneer» мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, мазкур лойиҳа Women in Tech Leadership Forum доирасида ҳам намойиш этилди.
Энг муҳими, ушбу ташаббус Конимех нафақат янги лойиҳалар ва бунёдкорлик ишлари, балки илм-фан, инновация ва ёшлар салоҳиятини намоён этиш учун ҳам муҳим майдонга айланаётганини кўрсатади.


