СИЗ ҲАМ КИБЕРФИРИБГАРЛАР ҚУРБОНИГА АЙЛАНИБ ҚОЛМАЯПСИЗМИ?
2026-10-30 15:50:00 / Матбуот анжуманлари

Анжуманда кибержиноятларнинг олдини олиш, интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланиш, кибергигиена қоидаларига амал қилиш ҳамда аҳолининг киберхавфсизлик борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар асосан зарарли APK иловалари, сохта қўнғироқлар, онлайн савдо ва сохта трейдинг каби усуллар орқали содир этилмоқда.
Вилоятда ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олиш ва аҳолини кибертаҳдидлардан огоҳлантириш мақсадида тизимли профилактик ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан:
🔹 4 950 маротаба тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди;
🔹 Киберхавфсизликни тарғиб қилувчи 1 280 та видеоматериал, 426 869 та тарқатма материал ва флаерлар, 921 та баннер тайёрланди;
🔹 Оммавий ахборот воситалари орқали 2 439 маротаба чиқишлар амалга оширилди;
🔹 Вилоятдаги 370 мингдан ортиқ аҳолининг телефон қурилмаларига «APK Қўриқчи» мобил иловаси ўрнатилди;
🔹 ИИБнинг «ANTIXACKBOT» Telegram ботига 1 700 дан ортиқ гуруҳ уланиб, 550 мингдан ортиқ фуқарони зарарли APK вирусларидан ҳимоялаш чоралари кўрилмоқда.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчиликни кибермаданиятни юксалтириш ойлигида фаол иштирок этишга, аҳоли ўртасида киберхавфсизлик қоидаларини кенг тарғиб қилиш ва кибержиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тадбирларда ҳамкорлик қилишга чақирилди.
Унутманг: киберхавфсизлик — ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулияти!



