Яшил макон: Қизилтепа туманида 800 мингдан ортиқ кўчат заҳираси яратилди
2026-10-19 12:55:00 / Янгиликлар

Айни пайтда ушбу кўчатхонада 800 мингдан ортиқ турли манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари парвариш қилинмоқда. Улар орасида каталпа, арча, заранг, қайрағоч, тут ва бошқа кўплаб манзарали ҳамда иқлимга мос кўчат турлари етиштирилмоқда.
Ушбу заҳира «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоят ва туман ҳудудларини кўкаламзорлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш ишларида кенг фойдаланилиши режалаштирилган.
Жараёнда вилоят ҳокими кўчатхона масъуллари ва тажрибали агрономлар билан суҳбатлашиб, ҳудуд иқлимига чидамли янги кўчат навларини кўпайтириш, жумладан, чинни гужум каби қимматли ва соя-салқин берувчи дарахт турларини етиштириш ҳажмини ошириш бўйича аниқ тавсия ва топшириқлар берди.
Манзарали ва соядор дарахтлар заҳирасини яратиш — ҳудуд экологик барқарорлигини таъминлаш ҳамда «Яшил макон» лойиҳасининг навбатдаги мавсумига пухта тайёргарлик кўришда муҳим аҳамият касб этади.


