НАВОИЙ ХАЛҚАРО АЭРОПОРТИДА ЎРТА ОСИЁДА ЯГОНА “PORTO-FRANCO”
2026-10-09 13:20:00 / Янгиликлар

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 9 февралдаги ПҚ–50-сон қарори доирасида Навоий халқаро аэропортининг фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг транспорт-логистика салоҳиятидан янада кенг фойдаланиш ҳамда халқаро юк ташувларини ривожлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Янги ҳудуд орқали товарларни божхона тўловларисиз олиб кириш ва сақлаш, уларни қайта ишлаш, импорт, экспорт ва транзит операцияларини амалга ошириш учун қулай шароит яратилади. Бу эса юкларнинг аеропортда ортиқча вақт ва харажатларсиз расмийлаштирилиши ҳамда кейинги манзилга тезкор йўналтирилишига хизмат қилади.
Очилиш маросимида Навоий халқаро аэропорти МЧЖ директори Алишер Кличев, Божхона қўмитаси вакиллари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда меҳмонлар иштирок этди.
Аеропортда хизмат кўрсатиш имкониятлари ҳам кенгаймоқда. Жумладан, ACU — Air Conditioning Unit махсус қурилмаси фойдаланишга топширилди.
Мазкур ускуна ҳаво кемаси ерда турган вақтда унинг салонига совутилган ёки иситилган ҳаво етказиб беради. Бу йўловчилар ва экипаж учун қулай шароит яратиш билан бирга, ҳаво кемаларига ер усти хизматларини янада самарали ташкил этиш имконини беради.
“Porto-Franco” ва янги техник имкониятлар — Навоий халқаро аэропортининг замонавий халқаро логистика маркази сифатидаги салоҳиятини янада ошириш йўлидаги муҳим қадамдир.



