Маҳалладаги муаммо — эътиборсиз қолмаслиги керак
2026-10-08 10:55:00 / Янгиликлар

Бугун Навоий вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Нормат Турсунов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ғофуржон Мирзаев раислигида ушбу йўналишлардаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, миграцияга кетган фуқаролар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва ҳар бир маҳаллада мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, маҳаллаларда тазйиқ ва зўравонлик, эрта турмуш ҳамда оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш, “Тозалик ва озодалик — долзарб икки ойлиги”ни намунали ташкил этиш, маҳаллаларни хизмат бинолари билан таъминлаш ҳамда оғир тоифадаги маҳаллаларни аниқлаш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Йиғилишда ҳар бир йўналиш бўйича масъулларнинг вазифалари белгилаб олиниб, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг ечимини таъминлаш ва амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Чунки маҳалладаги ҳар бир муаммо — одамлар ҳаёти билан боғлиқ. Муаммони кўришнинг ўзи етарли эмас. Муҳими — унинг аниқ ечими ва натижасини таъминлаш.





