«Чўлни яшил маконга айлантирамиз!» – Вилоят ҳокими Нормат Турсунов мисрлик инвесторлар билан муҳим лойиҳаларни муҳокама қилди
2026-10-05 18:25:00 / Янгиликлар

Музокаралар чоғида ҳудудда қишлоқ хўжалиги ва ерларни ўзлаштириш йўналишида салмоқли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Учрашувдан сўнг делегация вакиллари Конимех туманидаги Кенгсой ҳудудига бориб, 3,6 минг гектар яйлов ер майдонларини ўзлаштириш ва замонавий пивот усулида чорва озуқасини етиштириш лойиҳасининг бориши билан яқиндан танишдилар. Бугунги кунда бу борада амалий ишлар жадал бошлаб юборилган бўлиб, «Кенгсой» босимли қувурини қуриш ва сув йиғиш ҳовузларини барпо этиш жараёнига махсус техникалар ҳамда малакали ишчилар жалб этилган.
Шунингдек, ҳамкорлик доирасида мисрлик инвесторларга Навоий вилоятининг саноат зоналаридан махсус жойлар ажратиб бериш, ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш ва шу орқали янги иш ўринларини яратиб, маҳаллий аҳолини банд қилиш имкониятлари таклиф этилди.
Мазкур лойиҳалар икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, ҳудудда сув тежовчи технологияларни жорий этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.




