Кенгсой канали: чўл ҳудудларини ўзлаштириш сари муҳим қадам
2026-09-22 15:15:00 / Янгиликлар

Лойиҳанинг биринчи босқичида Конимех туманида 9,3 километрлик «Кенгсой» канали қурилиб, 3 800 гектар яйлов майдонини сув билан таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги айланмасига қайтариш кўзда тутилган.
Айни пайтда тадбиркорлар ва тижорат банклари ҳамкорлигида 2 300 гектар майдонда инвестицион лойиҳалар шакллантирилган. Уларда чорва учун озуқа экинлари, жумладан, маккажўхори ва силос етиштириш, шунингдек, 500 гектар майдонда пахта етиштириш режалаштирилган.
Лойиҳалар натижасида йилига 124 минг тонна сифатли чорва озуқаси ишлаб чиқариш, 15 минг бош майда ва 5 минг бош йирик шохли мол учун бўрдоқчилик комплексларини ташкил этиш ҳамда 400 та доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Ҳозирда ҳудудда 30 га яқин махсус техника ва 100 нафарга яқин ишчи фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, 1,6 миллион куб метрлик резервуар ва 5 та сув ҳавзаси қурилиши бўйича ишлар жадал давом этмоқда.



