Навоий вилояти ҳокими Миср қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазири билан музокаралар ўтказди
2026-09-17 16:30:00 / Раҳбарлар жорий фаолияти

Мулоқот чоғида Навоий вилоятининг табиий-иқлим шароити, хусусан 9 млн гектарга яқин яйлов майдонлари мавжудлиги ва чорвачиликни ривожлантириш салоҳияти қайд этилди. Шу билан бирга, сув танқис ҳудудларда ем-хашак базасини мустаҳкамлаш, шўр ва кам сувли ерларда мос озуқа экинларини етиштиришда Мисрнинг илғор тажрибаларини қўллаш юзасидан бир қатор амалий таклифлар билдирилди.
Хусусан, Мисрнинг илмий муассасаларидан яйловшунослик, озуқа экинлари, тупроқ ва сув таҳлили ҳамда чорвани озиқлантириш соҳасидаги мутахассисларни Навоий вилоятига (Конимех, Томди ва Учқудуқ туманларига) амалий дала миссиясига таклиф этиш, Навоийдан 8 нафар соҳа мутахассисини (чорвадор, агроном, ветеринар ва озуқа мутахассисларини) 14 кунга Мисрга юбориб, чўл станцияларида сув тежамкор технологиялар ва силос тайёрлаш жараёнлари билан таништириш, Миср компаниялари билан биргаликда Навоийда юқори ҳосилли уруғлик картошка етиштириш ва уруғчилик бўйича амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш каби таклифлар муҳокама этилди.
Учрашув сўнггида жаноб Алаа Фаруқ Навоий вилоятига расмий ташриф буюришга таклиф этилди.



