НАВОИЙ ТЕМИР ЙЎЛ ВОКЗАЛИ ЗАМОН ТАЛАБЛАРИ АСОСИДА РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИНАДИ
2026-07-02 14:05:00 / Ақлли шаҳар

1984 йилда ишга туширилиб, сўнгги бор 2012 йилда таъмирланган ушбу масканда бугун йўловчи оқими кескин ортган. Айни пайтда вокзал бир суткада 500 нафардан ортиқ йўловчини қабул қилмоқда. Бу эса тиғиз вақтларда умумий кутиш ва VIP залларида сиғим етмаслиги ҳамда тирбандликларни юзага келтиряпти.
Аҳоли ва меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида вокзалда кенг кўламли қайта таъмирлаш ишларини бошлашга тайёргарлик кўрилмоқда.
Лойиҳа доирасида йўловчи кутиш заллари кенгайтирилиб, сиғими оширилади. Меҳмонларни кутиб олиш VIP заллари замонавий андозаларда қайта таъмирланади. Хизмат кўрсатиш сифати ва инфратузилма тўлиқ янгиланади.
“Асосий мақсадимиз — Навоийга келаётган ҳар бир фуқаро ва меҳмон учун юқори даражадаги қулайлик ҳамда хавфсизликни таъминлашдир. Вокзал вилоятимизнинг меҳмондўстлик кўзгусига айланиши шарт”,— деди вилоят раҳбари.
Ҳозирда лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, қурилиш-таъмирлаш ишларини бошлаш бўйича сўнгги чоралар кўрилмоқда.




