30 июнь — Ёшлар куни!
2026-06-30 14:55:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Бугун Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, эртанги кунимизнинг ишончли таянчи – билимли, ташаббускор ва ватанпарвар ёшлардир. Навоий вилоятининг иқтидорли ўғил-қизлари илм-фан, спорт, маданият, тадбиркорлик ва инновациялар соҳаларида эришиб келаётган улкан ютуқлари билан барчамизни фахрлантирмоқда.
Қувонарлиси, мана шундай фидойи ва интилувчан ёшларимизнинг меҳнатлари давлатимиз томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда. Хусусан, байрам арафасида Муҳтарам Президентимизнинг Фармон ва Қарорларига мувофиқ, юртимизнинг бир гуруҳ фаол ёшлари қаторида навоийлик ёшлар — Навоий ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқитувчиси Сулаймон Истамтошев («Келажак бунёдкори» медали), Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети катта ўқитувчиси Ҳаёт Истамов ҳамда «НКМК» АЖ Навоий машинасозлик заводи муҳандис-технологи Ҳазрат Салимжоновларнинг юксак давлат мукофотлари («Мард ўғлон» давлат мукофоти) билан тақдирлангани барча навоийлик ёшларнинг ютуғидир.
Бу каби зафарлар вилоятимиздаги минглаб ёшларнинг куч-ғайратига куч қўшишига, янги марралар сари руҳлантиришига ишонаман.
Азиз фарзандларим!
Сизларнинг ғайратингиз, юксак орзу-интилишларингиз ва эзгу мақсадларингиз мамлакатимиз тараққиётининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучидир. Биз ҳар бир ўғил-қизимизнинг ташаббусини қўллаб-қувватлашга, орзу ва режаларингизни рўёбга чиқаришга доимо тайёрмиз.
Ишонаманки, барчангиз буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиб, Янги Ўзбекистон ва жонажон Навоийимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшасизлар.
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, илм ва меҳнатда улкан зафарлар, эзгу мақсадларингиз рўёбини тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин!
✏️Ҳурмат билан,
Нормат Турсунов,
Навоий вилояти ҳокими
