Навоий вилояти ғалла топшириш шартномавий режасини бажарди!
2026-06-29 09:45:00 / Янгиликлар

Жорий мавсумда вилоят бўйича белгиланган 105 563 тонналик улкан марра амалда 105 794 тоннага етказилиб, шартномавий мажбурият 100,22 фоизга уддаланди.
Ушбу зафарли одимга вилоятимиз туманлари ўзларининг муносиб ва салмоқли ҳиссаларини қўшдилар. Хусусан, пешқадамлар сафида Қизилтепа тумани режани 107,82 фоизга уддалаб, давлат хирмонига 29 599 тонна, Кармана тумани режани 102,69 фоизга бажариб, 17 833 тонна, Навбаҳор тумани эса режани 100,63 фоизга етказиб, 24 780 тонна сара дон топширди. Хатирчи (94,04%) ва Конимех (83,84%) туманларининг ғаллакорлари ҳам мавсумни юқори уюшқоқлик билан якунлаш арафасида туришибди.
Эътиборлиси, жорий йилда вилоят бўйича жами 463 та фермер хўжалиги ҳар гектар ердан 100 центнер ва ундан юқори ҳосил олишга эришиб, ҳақиқий рекордларни янгилашди!
Халқимиз ризқ-рўзи бўлмиш ғалла хирмонини юксалтирган, кунни тунга улаб меҳнат қилган барча деҳқон ва фермерларимизга, заҳматкаш комбайнчилару соҳа фидоийларига чуқур миннатдорчилик билдирамиз.
Навоийнинг олтин хирмонига кўз тегмасин, юртимиз тинч, ризқимиз бутун, меҳнатимиз баракаси янада зиёда бўлсин!
