НАВОИЙДА ЗАМОНАВИЙ КАРДИОЛОГИЯ МАРКАЗИ БАРПО ЭТИЛМОҚДА
2026-06-30 09:35:00 /

Вилоят ҳокими Нормат Турсунов Навоий шаҳридаги «Гулистон-3» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган янги соғлиқни сақлаш объекти — Тиббиёт бирлашмаси қошидаги Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази биносининг қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Мазкур замонавий тиббиёт маскани 80 ўринли кардиология стационар бўлими ҳамда бир сменада 100 нафар ташриф буюрувчига мўлжалланган поликлиникани ўз ичига олади.
Марказ ишга тушиши натижасида вилоят аҳолиси учун юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш, юқори технологияли жарроҳлик амалиётларини маҳаллий даражада ўтказиш ва сифатли даволаш имкониятлари кенгаяди.
Вилоят раҳбари қурилиш майдонида олиб борилаётган ишларнинг сифати, белгиланган меъёрларга мослиги ва лойиҳанинг боришини муҳокама қилди. Масъуллар ва қурувчиларга ишларни сифатли якунлаш, тиббиёт масканини замонавий жиҳозлар билан таъминлашга доир зарур топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқувчи мазкур маскандаги ишлар қатъий назорат остида давом эттирилмоқда.



