НАВОИЙ ШАҲРИДАГИ "ЎЗБЕКИСТОН" МАҲАЛЛАСИ ЯНГИ ҚИЁФАГА КИРАДИ
2026-06-30 09:10:00 / Ақлли шаҳар

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Навоий шаҳрининг «Ўзбекистон» маҳалласида бўлиб, ҳудудда олиб борилаётган ободонлаштириш ишларининг бориши билан яқиндан танишди.
Вилоят раҳбари маҳалла ҳудудидан ўтувчи, бугунги кунда шаҳар кўркига соя солиб турган муаммоли нуқталарда мавжуд ҳолатни танқидий кўздан кечирди.
Маҳалла тубдан янгиланиб, замонавий архитектура талаблари асосида қайта чирой очади. Пойтахт тажрибаси асосида, бу ерда ҳам туну кун фаолият юритадиган, аҳоли ва меҳмонлар билан гавжум бўладиган шинам гўшалар барпо этилади. Кўча бўйлаб бир хил андозадаги замонавий кафе ва ресторанлар, дам олиш масканлари ҳамда аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун махсус «Селфи зона»лар ташкил этилади. Ҳудуд тўлиқ ободонлаштирилиб, одамлар сайр қиладиган, дилдан суҳбат қурадиган ва кўнгилочар тадбирлар ўтказиладиган гўзал хиёбонга айлантирилади.
"Бизнинг асосий мақсадимиз — халқимизга муносиб шароит яратиш. Ушбу маҳалла тез орада нафақат шаҳар аҳли, балки вилоятимиз меҳмонлари ҳам завқ билан айланадиган, ҳақиқий маънода кўнгилочар ва сўлим масканга айланади", — дея таъкидлади вилоят ҳокими.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва лойиҳани қисқа муддатларда сифатли амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.




