Навоийда йўл ҳаракати хавфсизлиги ва қулайлиги янги босқичга олиб чиқилади
2026-06-11 13:15:00 /

Вилоят ҳокими Нормат Турсунов шаҳар марказидаги транспорт қатнови энг гавжум нуқталардан бири — Навоий ва Амир Темур кўчалари кесишмасида ҳаракатни қулайлаштириш бўйича ишлаб чиқилган таклиф лойиҳаси билан жойида танишди.
Тақдимот давомида ушбу чорраҳани тубдан модернизация қилишга оид бир қатор муҳим ечимлар муҳокама қилинди.
Чорраҳадаги тирбандликларнинг олдини олиш, автотранспорт воситаларининг тўхтаб қолмай, эркин ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида замонавий геометрик ечимлар (йўналтирувчи оролчалар) ва ҳаракатни ташкил этишнинг янгича тизими жорий этилади.
Лойиҳа доирасида чорраҳа атрофи ободонлаштирилиб, ҳудудга Навоий шаҳрининг кўркига кўрк қўшувчи "NAVOIY SHAHRIM" ёзувли замонавий стелла ва декоратив архитектура элементлари ўрнатилиши режалаштирилган.
Кўчалар кесишмасида нафақат ҳайдовчилар, балки пиёдаларнинг ҳам хавфсиз ва қулай ҳаракатланиши, тунги ёритиш тизимлари ҳамда йўл белгиларининг замонавий андозаларга мос бўлишига алоҳида эътибор қаратилади.
Вилоят раҳбари лойиҳани пухта созлаш, қурилиш ва йўл созлаш ишларини аҳолига ортиқча ноқулайликлар туғдирмаган ҳолда, қисқа муддатларда ҳамда юқори сифат билан амалга ошириш бўйича соҳа масъулларига зарур топшириқларни берди.


