“Янги Навоий” шаҳарчаси дирекцияси томонидан инвестицион лойиҳалар тақдимоти ўтказилди
2026-06-05 15:30:00 / Ақлли шаҳар

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, қатнашчиларни Навоий шаҳрида амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан таништирди.
Тақдимот давомида вилоятнинг инвестиция салоҳияти ва истиқболли лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, “Янги Навоий” шаҳарчаси, “Янги Ўзбекистон” боғи, “Ёшлик” кўли атрофида барпо этилаётган туристик мажмуа, “Ғалаба боғи” ҳамда “Қадимий Кармана” туристик маркази лойиҳалари тақдим этилди.
Учрашувда мазкур лойиҳалар таркибида қуриладиган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, умумий овқатланиш шохобчалари ҳамда кўнгилочар масканларни тадбиркорларга ижара асосида бериш, уларни бошқарув жараёнларига жалб этиш ва хусусий инвестициялар ҳисобига янги бизнес лойиҳаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш ишлари ҳамда лойиҳаларни амалга оширишда давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш механизмлари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунида вилоят ҳокими Нормат Турсунов тадбиркор ва инвесторларни Навоийда амалга оширилаётган йирик лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақириб, ҳар бир истиқболли ташаббус давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлади.





