Ҳурматли азиз болажонлар, муҳтарам ота-оналар, қадрли юртдошлар!
2026-06-01 08:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни инсониятни болалар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг соғлом ва баркамол вояга етиши, тинч ва фаровон ҳаёт кечириши йўлида бирлашишга чорлайдиган эзгу сана сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Бу кун бизга ҳар бир боланинг бахтли болалиги, сифатли таълим-тарбия олиши, ўз иқтидор ва қобилиятини тўла намоён этиши учун муносиб шароит яратиш энг улуғ ва масъулиятли вазифа эканини яна бир бор эслатади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида, аввало, инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари, айниқса, ёш авлод тақдири турибди. Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фарзандларимизни ҳар томонлама етук, билимли, мустақил фикрлайдиган, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган инсонлар этиб тарбиялаш устувор вазифага айланган.
Зеро, мамлакатимизнинг эртанги куни бугунги болаларнинг қандай таълим-тарбия олишига, улар учун яратилаётган имконият ва шароитларга бевосита боғлиқдир. Шу боис мамлакатимизда мактабгача ва мактаб таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, замонавий таълим муассасаларини барпо этиш, болаларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Навоий вилоятида ҳам ёш авлод камолоти, уларнинг билим олиши, спорт, санъат ва инновацион технологиялар билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Биз ҳар бир фарзандимизда улкан салоҳият, юксак орзу ва келажакка ишончни кўрамиз. Ана шу ишонч ва эзгу мақсадлар бизни янада катта марралар сари чорлайди.
Азиз болажонлар!
Сизлар — халқимизнинг фахри, юртимизнинг келажаги, Янги Ўзбекистоннинг ишончли бунёдкорларисиз. Сизларнинг беғубор кулгунгиз, эзгу орзуларингиз, илмга чанқоқ интилишингиз барчамизга куч ва илҳом бағишлайди.
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, бахтли болалик, порлоқ келажак, илм-фан ва ижод йўлида улкан зафарлар тилайман. Доимо ота-онангиз, устозларингиз ва Ватанимиз ифтихори бўлиб камол топинг.
Байрамингиз муборак бўлсин!
✏️Ҳурмат билан,
Нормат Турсунов
Навоий вилояти ҳокими
