Покистонга хизмат сафари қизғин давом этмоқда
2026-04-29 17:25:00 / Янгиликлар

Сафар доирасида мамлакатнинг етакчи савдо институтларидан бири — Trade Development Authority of Pakistan (TDAP), Покистон савдони ривожлантириш агентлиги бош котиби Шеряр Таж билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистон, хусусан Навоий вилояти ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги экспорт йўналишларини очиш масалалари муҳокама қилинди.
TDAP Покистон Савдо вазирлиги ҳузурида фаолият юритувчи асосий давлат ташкилоти бўлиб, мамлакат экспортини ривожлантириш ва халқаро савдони рағбатлантириш билан шуғулланади. Ташкилот 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, штаб-квартираси Карачи шаҳрида жойлашган.
Сўнгги йилларда Покистон ташқи савдоси изчил ўсиш суръатларини намоён этмоқда. 2024–2025 молия йилида мамлакатнинг умумий экспорти 32,1 миллиард долларга етди. Экспорт таркибида тўқимачилик саноати етакчи ўринни эгаллаб, қарийб 19 миллиард долларлик маҳсулот жаҳон бозорларига етказиб берилган.
TDAP халқаро савдо миссиялари, бизнес форумлар ва йирик кўргазмалар орқали покистонлик ишлаб чиқарувчиларни жаҳон бозорлари билан боғлаб келмоқда. Хусусан, TEXPO ва FoodAg каби йирик кўргазмаларда ўнлаб давлатлардан минглаб тадбиркорлар иштирок этиб, юз миллионлаб долларлик савдо шартномалари имзоланади.
Учрашувда Навоий вилояти ва Покистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳам ижобий динамикада ривожланаётгани таъкидланди.
Музокаралар давомида қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, чарм саноати ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек тадбиркорлар ўртасида B2B учрашувлар ташкил этиш масалалари юзасидан келишувга эришилди.






