НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ НОРМАТ ТУРСУНОВНИНГ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА ХАЛҚҚА МУРОЖААТНОМАСИ
2025-12-28 14:15:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдиддир. Коррупцияга йўл қўйиш эса – ислоҳотларимизга хиёнатдир. Шу боис 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш соҳасида “фавқулодда ҳолат” эълон қилиниши бутун давлат бошқаруви тизими учун жиддий огоҳлантирув ва масъулиятдир.
Муҳтарам Президентимиз топшириғига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб барча давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилмоқда. Шунингдек, Ҳисоб палатаси вакиллари фаолияти йўлга қўйилиб, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, мансаб ваколатларининг суистеъмол қилиниши ҳолатларига қарши таъсирчан назорат ўрнатилади.
Энг муҳими, комплаенс хизмати фаолиятига тўсқинлик қилиш – коррупцияга шериклик деб баҳоланиши ва жавобгарлик ҳам шунга яраша бўлиши қатъий белгилаб қўйилди.
Навоий вилоятида 2025 йил мобайнида жами 150 та (148) коррупция, иқтисод, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органлари фаолияти тартибига қарши жиноятлар аниқланиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан барқарор сақланиб қолган.
Маълумот учун: 5 та (5) порахўрлик, 3 та (1) товламачилик, 77 та (94) фирибгарлик, 21 та (16) валюта қоидасини бузиш, 0 (1) қалбаки пул ясаш ва ўтказиш, 7 та (7) ўзлаштириш, 37 та (24) бошқалар шулар жумласидандир.
Шундан, саноатда 10 (11) та, ёқилғи-энергетика 6 (1) та, банк, молия тизимида 1 (0) та, ижтимоий соҳаларда 16 (8) та, истеъмол бозори 0 (1) та, чет-эл фермалари ва қўшма корхоналар 1 (0) та, ўрта ва кичик бизнесда 22 (18) та, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида 3 (1) та, назорат идораларида 10 (12) та, ҳокимият идораларида 4 (2) та, бошқа соҳалардаги 77 (94) та жиноят жиноят.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 37 та (17) гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар фош этилиб, жиноят содир этган 186 нафар (173) шахс жиноий жавобгарликка тортилди, 8 нафари (5) қамоққа олинган холос.
Жиноятлар натижасида етказилган 1 млрд 878 млн 900 минг сўмлик зарарнинг 717 млн сўми (38,1 фоизи) ундирилиб, қолган 1 млрд 161 млн 900 минг сўми (61,9%) ундирилмасдан қолмоқда.
2025 йил 12 ойи давомида жами 77 та (94) фирибгарлик жиноятлари аниқланган.
Бу коррупция соҳасида аниқланган жами (150) жиноятларнинг
51,5 фоизи, яъни ярмидан кўпи дегани.
Фирибгарлик эса мансабдор шахслар ваколати доирасига кирмайдиган кам аҳамиятли жиноят ҳисобланади.
Бундай салбий ҳолатлар давлат идораларининг мансабдор шахслари билан боғлиқ жиноятларни аниқлашда сусткашликка йўл қўйилаётганлигини, улар орасида етарлича манбалар йўқлигини, тезкор ходимларимиз, асосан, аризачи фуқароларнинг маълумотлари бўйича тезкор тадбир ўтказиб, шу билан кун кечираётганлигини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, 2025 йил давомида ер ресурслари талон-торож қилиниши билан боғлиқ жами 46 та жиноий ҳолат аниқланган.
Маълумот учун: 50 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган, 1 млрд 121 млн 299 минг сўмлик зарар аниқланиб, ҳозирги кунга қадар умуман аниқланган зарар ундирилмаган.
Ҳокимият вакиллари томонидан ер ресурсларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар 7 та аниқланган холос.
Ноқонуний муомаладан олинган ерлар 59,056 гектар бўлиб, шундан 3,717 гектари ҳокимият захирасидаги, 5,145 гектари экин ва 50,195 гектар бошқа ер майдонларини ташкил этган.
Вилоятда коррупцион жиноятларни олдини олиш бўйича умумий профилактик ишлар билан бир қаторда, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида олиб борилаётган тарғибот ишлари ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Эришилган ижобий натижалар билан бирга, жойлардаги айрим ички ишлар органлари томонидан етарли даражада тезкор-қидирув ва профилактик ишлар олиб борилмаётганлиги, шунингдек вилоят ИИБ томонидан юборилган кўрсатма ҳамда топшириқларнинг ижроси тўлиқ бажарилмаганлиги сабабли хато ва камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Навоий вилояти ҳокимлигида коррупция ҳақида хабар бериш учун барча зарур шароитлар яратилган. Жумладан, расмий веб-сайт, ижтимоий тармоқларда мурожаат линиялари ҳамда 1066 қисқа рақамли “Ишонч телефони” орқали мурожаат қилиш мумкин.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган ёки унга қарши курашишда фаол иштирок этган фуқаролар шахси сир сақланган ҳолда белгиланган тартибда рағбатлантирилади.
2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий Кенгаш йиғилишида “Навоий тажрибаси”ни яратиш бўйича алоҳида вазифалар белгиланди. Бу ташаббус маиший коррупциянинг илдизига — жамоатчилик фикри, аҳолининг ҳуқуқий онги ва фуқаролик позициясига таянган ҳолда курашишни назарда тутади.
Бугунги кунда вилоятимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик кенгашлари, таълим муассасалари, маҳаллий давлат органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг қамровли 20 дан ортиқ соҳаларда ижтимоий сўровлар, 1000 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ва 6 та йўналишда илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Ёш мутахассисларда “ҳалоллик вакцинаси”ни шакллантиришга қаратилган илмий тадқиқотлар, халқаро тажрибаларни ўрганиш ва жорий этиш ишлари бунга яққол мисолдир.
Маиший коррупцияни олдини олишда “Навоий тажрибаси”ни яратиш борасида бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни кучайтириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида ҳам фуқаролик жамияти институтлари билан фаол ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, 2025 йил 6-17 октябрь кунлари Польша Республикаси Варшава шаҳрида, 20-25 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган V-Халқаро аксилкоррупция Форуми доирасида ҳам айнан “Навоий тажрибаси”ни ривожлантириш борасида Финляндия, Эстония, Латвия, Грузия, Жанубий Корея ва бошқа қатор илғор давлатлар тажрибаларини ўрганиш бўйича вилоятдаги нодавлат ташкилотлар томонидан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
Қадрли навоийликлар!
Коррупцияга қарши кураш — фақат давлат идораларининг эмас, бутун жамиятнинг умумий вазифаси. Ҳалоллик, адолат ва қонун устуворлиги ҳар биримиздан бошланади.
Коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш, “Навоий тажрибаси”ни ҳаётга татбиқ этиш, вилоятимизни бу борада ҳалоллик намунасига айлантириш йўлида барчангизни фаолликка чорлаймиз.
Эътиборингиз учун раҳмат.
