Фаолият соҳасига оид аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан тез-тез бериладиган саволларга жавоблар

Агар жой мулкдори умумий мулкка кўрсатилаётган хизматдан қониқмаса, мажбурий бадалларни тўламасликка ҳаққими борми?
Йўқ, агар мулкдор уйга кўрсатилаётган хизматдан қониқмаса, у бу масалани ширкат бошқарувини, бошқарув раиси сайловини ҳамда уларнинг ваколатларини муддатидан аввал тугатиш ваколатига эга бўлган ширкат аъзоларининг умумий йиғилишига киритиши керак.
Мен яшайотган квартирадан ўтган совуқ сув қувурини ўз ҳисобимдан алмаштирдим. Ширкат мен қилган сарф-харажатларни коммунал хизмат тўловларига ўтказишни истамаяпти. Сиз қандай маслаҳат берасиз?
Сиз аввало эски сув қувурларини алмаштириш ҳақида ширкат билан келишиб олишингиз, сўнг таъмирлаш ишлари якунланганда қилинган ишлар ҳақидаги ҳужжатларни уларга тақдим этишингиз лозим эди. Шунингдек, ҳужжатга қувурларни сотиб олганингиз ва бажарилган ишлар учун тўланган пулни тасдиқловчи чек илова қилиниши керак.
“Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасида айрим ҳолларда ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши жой мулкдори томонидан мажбурий бадалларнинг бир қисмини тўлашнинг пул шаклини унинг умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига алмаштириш ҳақида қарор қабул қилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш юзасидан аризаларни кўриб чиқиш тартибини тушунтиринг.
Транспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 26 майдаги 256-сонли қарори асосида амалга оширилади.
ЙҲХХ органларида юридик ёки жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситалари эгаси корхона ёки ташкилотнинг ёзма аризаси, фуқаролар учун шахсий паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат, транспорт воситаси қонуний сотиб олинганлигини ва рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган йиғимлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказилади.
Юридик шахслар транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишда юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхасини тақдим этадилар.
Транспорт воситалари уларни қайд этишдан олдин ҳудудий мудофаа ишлари бўйича бўлимларда рўйхатдан ўтказилади ёки рўйхатдан чиқарилади.
Янги ташкил этилган ташкилот ва корхоналарни автохўжалик сифатида рўйхатдан ўтказиш вақтида транспорт воситаларини сақлаш учун етарли жой майдони (гараж, автосарой) мавжудлиги ёки бундай жой ижарага олинганлиги ҳақидаги шартномадан нусха, ҳудудий ЙҲХХ органи томонидан шу жой кўрикдан ўтказилганлиги ҳақидаги далолатнома тақдим этилади.
Транспорт воситалари қуйидаги ҳолларда қайта рўйхатдан ўтказилади:
– Транспорт воситалари турар-жой ёки эгасининг яшаш жойи ўзгарганда қуйидаги ҳужжатлар асосида:
• белгиланган тартибда ариза;
• техник ҳужжат (қайд этиш гувоҳномаси, техник паспорт, техник талон);
• корхона ва ташкилотлар транспорт воситалари тургун жойининг ўзгаришига асос бўлган ҳужжат (буйруқ, ижара шартномаси, ҳокимлик қарори);
• транспорт воситаси турган жой ЙҲХБ органлари томонидан кўрикдан ўтказилганлиги ҳақидаги далолатнома;
– Ташкилот номи, эгасининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганда:
• белгиланган тартибда ариза;
• исм ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжат (буйруқ, фармойиш, қарор);
• фуқаролар учун шахсий паспорт, фамилия, исм ва отасининг исми ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ФҲДЁ ёки суд органлари томонидан берилган ҳужжат).
– Эгаси ўзгарганда:
• белгиланган тартибда ариза;
• нотариал идоралар томонидан берилган олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш шартномалари, ворислик, мерос ва мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар;
• суд қарори;
• Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси идоралари томонидан берилган ордер;
• четдан келтирилган ва божхона назорати остида турган транспорт воситалари учун божхона идораси томонидан бериладиган махсус гувоҳнома.
Хорижий фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш қандай тартибда амалга оширилади?
Хорижий фуқароларни Ўзбекистон олий таълим муассасаларига қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 4 августдаги 169-сонли “Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Хорижий фуқароларнинг ҳужжатлари Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган муддатларда қабул қилинади, яъни бакалавриатга кириш учун 20 июндан 20 июлгача, магистратурага кириш учун 1 июлдан 30 июлгача. Белгиланган тартибга кўра, хорижий фуқаролар ҳужжатларни тегишли олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига тўғридан-тўғри топширишлари керак.
Хорижий фуқаролар бакалавриатга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ҳар йили 1 август куни ўтказиладиган тест синовлари натижалари асосида қабул қилинади. Магистратурага эса олий таълим муассасалари томонидан мустақил равишда 1–10 август кунлари ташкил этиладиган кириш имтиҳонлари натижалари асосида қабул қилинади.
Хорижий фуқароларни талабалар сафида қабул қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул бўйича Давлат комиссиясининг қарорига асосан тест синовлари (бакалавриат учун) ёки кириш имтиҳонлари (магистратура учун) натижаларига кўра амалга оширилади.
Иккинчи қаватдаги қўшниларимиз балконни кенгайтиришди ва энди у ойнамиз тепасида хавф солиб турибди. Квартирамизга ёруғлик камроқ тушмоқда. Шунингдек, биз балкон конструкциясининг мустҳкамлиги ҳақида ҳам ўйлаяпмиз. Қонун нуқтаи назаридан уларнинг ҳаракатларига йўл қўйиладими?
Аввало, балкон майдони қай даражада кенгайтирилганини аниқлаб олиш керак. Агар бу чиқарма, гуллар учун токчалар ёки ташқи томондан иссиқлаштириш ҳисобига 25–30 см га кенгайтириш бўлса, бу ҳолда муаммо бўлмайди. Аммо агар объектнинг ҳажми ва майдони ўзгарган бўлса, бу реконструкция ҳолати ҳисобланади.
Бундай ҳолда “Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат бериш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ чекланмаган амал қилиш муддатига бериладиган рухсатнома олиниши шарт.
Шунинг учун, агар қўшниларингизда бундай рухсатнома бўлса, уларнинг ҳаракатлари қонуний ҳисобланади. Агар рухсатнома бўлмаса, бу шаҳарсозлик қоидаларини бузишдир ва сиз даъво билан судга ёки шикоят билан Жиззах вилояти Архитектура ва қурилиш бош бошқармасига ҳамда туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлимларига мурожаат қилишингиз мумкин.
