Видеорепортаж: Ислоҳотлар штаби ташаббуси билан Жиззахлик тадбиркорларга “Кайзен” тизими ўргатилди
2025-10-27 09:45:00 / Янгиликлар
Жиззах вилояти тадбиркорларига ишлаб чиқариш жараёнларини самарали ташкил этиш ва бошқарув маданиятини ошириш мақсадида Ислоҳотлар штаби ташаббуси билан Япониянинг машҳур “Кайзен” фалсафаси асослари ўргатилди.

Ушбу амалий семинарга япониялик мутахассис Тамада Сан таклиф этилди. Тадбир давомида у иштирокчиларга “Кайзен” тизимининг асосий тамойиллари — доимий такомиллашув, иш жойида тартиб-интизом, самарадорлик ва жамоадаги ҳамжиҳатлик ҳақида атрофлича маълумот берди.
Тадбиркорлар ўз фаолиятларида мазкур ёндашувни қўллаш орқали иш унумдорлигини ошириш, вақт ва ресурслар тежамкорлигини таъминлаш мумкинлигини таъкидлаб ўтишди.
“Кайзен” фалсафасига кўра, ҳар бир ходим ўз иш жойидаги кичик камчиликларни бартараф этиш ва яхшиланиш жараёнида фаол иштирок этиши лозим.
Бу эса нафақат маҳсулот сифатини, балки иш муҳитининг маданиятини ҳам юксалтиришга хизмат қилади.
