Видеорепортаж: Жиззах шаҳрида илк йирик MALL — “KO‘K SAROY” ўз фаолиятини бошлади
2025-10-13 09:00:00 / Янгиликлар

Қурилиш майдони умумий 3,5 гектарни ташкил этади.
Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 25 минг квадрат метр ер майдонида савдо ва маиший хизмат кўрсатишга мўлжалланган замонавий савдо-комплекс барпо этилди.
Бинонинг 1–3-қавватларида 300 та савдо дўкони фаолият юритади.
4-қавватда эса 5 та савдо шохобчаси, 10 та умумий овқатланиш нуқтаси ҳамда 30 хил аттракционни ўз ичига олган 10 та болалар ўйингоҳлари ташкил этилган.
Шунингдек, савдо марказида қўшимча равишда 20 га яқин заргарлик дўконлари жойлаштирилиб, қимматбаҳо тошлар, замонавий дизайндаги тилла-кумуш маҳсулотлари жамланган.
Комплекс атрофида 1 гектар ер майдонида 800 та енгил автомобил сиғадиган замонавий автотураргоҳ қуриб битказилган. Бу фуқаролар ва ташриф буюрувчилар учун катта қулайлик яратади.
Лойиҳа доирасида 500 га яқин янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Бу эса 850 нафар фуқаронинг иш билан таъминланишига хизмат қилмоқда, улар орасида 100 нафарга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар вакиллари ҳам бор.
Комплекс фаолияти натижасида йиллик 223,2 миллиард сўмлик хизмат кўрсатиш ҳажми таъминланиши, шундан ўртача 4 фоиз солиқ тушумлари ҳисобидан ҳар ой 750 миллион сўм, йиллик эса 9 миллиард сўм қўшимча маблағ маҳаллий бюджетга йўналтирилиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса 3,6 гектар (11 минг квадрат метр қурилиш майдони) ерда 1000 та савдо шохобчасини ўз ичига олган 3 қаватли “Эко бозор” қурилиши режалаштирилган.
Ушбу босқич тугаллангандан сўнг 2400 нафар янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Ҳозирги пайтда қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Жиззах шаҳрида барпо этилган “KO‘K SAROY RESIDENT CITY” савдо-комплекси очилиши доирасида аҳоли учун концерт дастурлари намойиш этилди.





