Манфаатлар тўқнашуви талабларини бузиш — коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланмоқда
2025-09-17 08:20:00 / Янгиликлар

Жумладан, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаслик коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлардан бири сифатида белгиланмоқда.
Шунингдек, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлашда фаол ёрдам берган шахслар ундирилган жариманинг 50 фоизи миқдорида мукофот пули билан рағбатлантирилиши назарда тутилган.
Давлат органи ёки ташкилоти мансабдор шахси ёки ходими томонидан манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида қонунчиликда белгиланган тартибда хабар бермаслик — базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) уч бараваридан беш бараваригача, давлат харидлари соҳасида манфаатлар тўқнашуви талабларини бажармаслик эса йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 193⁻4 ва 215⁻7-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилади.
Маълумот учун: мазкур кодекснинг 61⁻1, 193⁻1 ва 193⁻2-моддаларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда фаол ёрдам берган шахсларга БҲМнинг уч баравари миқдорида мукофот пули тўланиши белгиланган.
Агарда сиз ҳокимият тизимида манфаатлар тўқнашуви ёки коррупцияга дуч келсангиз, қуйидаги алоқа каналлари орқали мурожаат қилишингиз мумкин:
🔹 Facebook: facebook.com/jizzaxviloyathokimligi
🔹 Telegram: @Viloyat_hokimiga_murojaat
🔹 Ишонч телефони: +998 72 222-06-95
🔹 Расмий веб-сайт: jizzax.uz/korrupsiya
🔹 Электрон почта: jiz.korrupsiya@exat.uz
📌 Вилоят ҳокимлиги Коррупцияга қарши ички назорат шўъбаси
