ГЕРМАНИЯНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ФАВҚУЛОДДА ВА МУХТОР ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ
2025-05-14 09:10:00 / Янгиликлар

Унда Ҳолдинг Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматкулов ва Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Манфред Ҳутерер иштирок этдилар.
Учрашув давомида меҳмонга BMB HOLDING’нинг асосий фаолият йўналишлари, ишлаб чиқарилаётган ва қайта ишланаётган маҳсулотлар турлари, уларнинг сифат кўрсаткичлари, экспорт салоҳияти ҳамда туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги сўнгги ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Элчи жаноблари Ҳолдингнинг Mangold Consulting ва BREITZMANN Edelmetalle & Diamanten каби етакчи немис компаниялари билан мавжуд ҳамкорлигини юқори баҳолади. Шунингдек, томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Мулоқот чоғида Германиянинг илғор технологиялари ҳамда Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ва логистика имкониятлари ўртасидаги мукаммал уйғунликдан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди. Иккала давлат саноат кооперацияси, инновацион технологиялар трансфери ва чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европага экспорт қилиш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Шунингдек, Германия элчиси BMB HOLDING тизимидаги корхоналарда ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар намуналари жой олган шоурум ва музей фаолияти билан танишди.
Учрашув якунида элчи Манфред Ҳутерер Бекзод Маматқуловни 2025 йил июнь ойида Дюссельдорф шаҳрида бўлиб ўтадиган Ишбилармонлар Кенгаши йиғилишига таклиф қилди. Шунингдек, Жиззах вилоятида ташкил этилиши режалаштирилаётган тиббиёт маркази учун немис клиникалари билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.
Бу учрашув Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш сари муҳим қадам бўлди.


