Шароф Рашидов туманида йирик саноат лойиҳалари амалга оширилади
2025-04-04 09:05:00 / Янгиликлар

Шароф Рашидов туманининг “Тоқчилик” маҳалласи ҳудудида, илгари “Жиззах сув таъминоти” тизимига қарашли бўлган оқова сув тозалаш иншооти базасида 60 миллион долларлик саноат зонаси ташкил этилиши режалаштирилган. Бу лойиҳа туман иқтисодиётига янги суръат бахш этади ва ҳудудда саноатлашув жараёнларини кескин тезлаштиради.
Электротехника соҳасида
“Ўзсаноатқурилишбанк” ва “Ўзелтехсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда 6 та замонавий саноат лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилади. Ушбу лойиҳалар нафақат ички бозорда, балки экспорт йўналишларида ҳам катта салоҳиятга эга бўлади.
Чарм саноати йўналишида
“Халқ банки” ва “Ўзчармсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда 11 та лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган. Бу лойиҳалар орқали маҳаллий хомашё қайта ишланиб, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Ривожланиш, иш ўринлари ва экспорт – барчаси режа марказида
Жиззах вилояти Савдо-саноат палатаси бошқармаси раҳбари томонидан лойиҳалаш ишлари жойига бориб кўздан кечирилди. Ташриф чоғида ҳудудий саноат инфратузилмасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ҳамда тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим таклиф ва тавсиялар билдирилди.


